Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги «Қизилой» маҳалласи ҳудудида янги цемент заводи қурилишига тамал тоши қўйилди. Бу лойиҳа “Toshkent conch cement” масъулияти чекланган жамияти ва Хитойнинг “CONCH” корпорацияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
— Хитойнинг катта тажрибага эга компанияси билан ҳамкорлик қиляпмиз. Цемент ишлаб чиқариш лойиҳасига тумандаги «Қизилой» маҳалласи ҳудудидан карьер учун 183,3 гектар, завод қурилиши учун эса 34,2 гектар ер ажратиб бердик, — дейди Оҳангарон тумани ҳокими Абдурасул Абдуллаев. — Лойиҳанинг самарали рўёбга чиқиши учун 200 миллион доллар хориж инвестицияси сарфланиши ҳисоб-китоб қилинди. Хитойлик ҳамкоримиз 16,7 миллион доллар миқдорида дастлабки тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритади. Бу маблағга бугунги кунга қадар 40 дан зиёд махсус техника ва замонавий асбоб-ускуна олиб келинди. Завод йилига 2,5 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, 400 та янги иш ўрни яратилади. Яқин келажакда туманимиз саноатида ишлаб чиқариш маҳсулдорлиги ва ўсиш суръати янада ошади. Тармоқдаги йўналишлар ҳам янгилари ҳисобига кўпаяди.
— Хитойнинг “CONCH” корпорацияси 1996 йилда ташкил этилган бўлиб, цемент ишлаб чиқариш бўйича етакчи давлат корхоналаридан ҳисобланади,— дейди “Toshkent conch cement” МЧЖ ижрочи директори Хе Вухуа. — Фаолиятимиз кўп тармоқли — цемент, кимёвий материаллар, чиқиндиларни қайта ишлаш, юк ташиш, қурилиш соҳаси каби кўплаб йўналишларда ишлаймиз. Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз натижасида нафақат Тошкент вилоятида, балки мамлакатингизнинг бошқа ҳудудларида ҳам юқори сифатли цемент ишлаб чиқарадиган бир неча заводни ишга туширдик ва туширмоқдамиз.
“CONCH” корпорациясининг 500 дан ортиқ шўба корхонаси мавжуд бўлиб, Ўзбекистон, Индонезия, Лаос, Мянма, Камбоджа ва бошқа мамлакатларда фаолият кўрсатади. Оҳангаронда қурилаётган заводга Thyssen Krupp, Gebr Pfeiffer, Aumund, IKN, Fives Pillard каби гигант компанияларнинг энергиятежамкор технологиялари ўрнатилади. Натижада энергия сарфи икки баробар камаяди. Лойиҳа 2023 йилда тўлиқ фойдаланишга топширилади.
Маълумотларга кўра, 2016 йилда мамлакатимизда 8,6 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилда 12,5 миллион тоннага етди. 2020 йилда Жиззах, Фарғона ва Тошкент вилоятларида йиллик қуввати 1,8 миллион тоннага тенг 3 та янги завод ишга туширилди.
Хулоса қилиб айтганда, қурилиши бошланган ушбу йирик завод Оҳангарон ҳудудида саноат янада ривож топиши, аҳоли фаровонлиги ортиши ва туманнинг экспорт салоҳияти кенгайишига хизмат қилади.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
«Янги Ўзбекистон» мухбири