Карантин чекловлари туфайли ижтимоий қўллаб-қувватлаш хизматлар соҳасида баъзи қийинчиликлар юзага келди, шу боис заиф оилалардаги фарзандлари тарбиялашда стресс кучайди. Бунинг сабабларидан бири таълим муассасаларининг вақтинча ёпилиши ва болаларни ўз тенгдошлари билан кўриша олмаслиги бўлди.
Қуролли можаролар ҳудудларидан қайтариб олиб келинган кўплаб аёллар ва болалар пандемия пайтида оғир ижтимоий-иқтисодий шароитлардан қийналди, чунки болалар ва оилаларни ҳимоя қилиш хизматларининг муаммоларни ҳал этишдаги фаолияти сустлашди. Бундай қийин даврда заиф оилаларнинг уларни ҳимоя қилишда иштирок этадиган васийлик органлари, оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича мутахассислар, ижтимоий ходимлар ва парапрофессионаллар каби давлат идораларининг ёрдамига эҳтиёжи ошади.
ЮНИCЭФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ушбу вазиятни яхшилаш учун давлат идоралари билан ҳамкорликни давом эттириб, болалар ва уларнинг оилаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга сармоя киритяпти. Бунинг учун заиф оилалар билан ишлайдиган мутахассислар яхши малакага эга бўлиши ва иш пайтида юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай вазиятга тайёр бўлиши керак.
ЮНИCЭФ Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, шунингдек Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази билан ҳамкорликда Наманган, Фарғона ва Тошкент вилоятларида мутахассислар учун «Аёллар ва болалар билан ижтимоий иш амалиёти» мавзусида уч кунлик тренинг ўтказди.
Тренинг ижтимоий қадриятлар ва кейс-менежмент стандартларига асосланган ҳолда ижтимоий иш амалиётининг таркибий қисмларини қамраб олди. Тренинг иштирокчилари Ўзбекистондаги оилалар ва болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек, аёллар ва болаларга нисбатан нотўғри муносабатда бўлиш муаммолари, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бу билан боғлиқ хавфларни муҳокама қилдилар. Тренерлар «Боғланиб қолиш назарияси»га асосланиб, боланинг ривожланишида оиланинг аҳамиятини тушунтириб беришди. Ушбу назарияга кўра, болаларнинг ҳаётида уларга эътибор, меҳр ва муҳаббат берадиган инсон бўлиши муҳимдир.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги мутахассислари ҳамда маҳалла қўмиталарининг оилалар билан ишлаш бўйича масъул мутахассислари қуролли можаролар ҳудудларидан қайтган болалар ва оилалар ёрдам кўрсатиш бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлдилар.
Иштирокчилар ихтисослаштирилган ахлоқ тузатиш муассасаларидан чиқиб кетаётган болаларга оилада ғамхўрлик қилиш ва психологик-ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг муқобил шаклларини кенгайтириш зарурлиги тўғрисида сўз юритдилар. Индивидуал интеграция режаларини амалга ошириш ва болаларнинг ўз оилалари ва ҳамжамияти билан бирлашишларига кўмаклашиш орқали бунга эришиш мумкинлигини таъкидладилар.
Тренинглар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг COVID-19га қарши курашиш ва унинг таъсиридан кейин қайта тикланиш бўйича кўп томонлама ҳамкорлик траст фонди доирасида ташкил қилинган бўлиб, Ўзбекистондаги - COVID-19 инқирозидан зарар кўрган заиф гуруҳларга кўмак ва ҳар томонлама хизмат кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилган, деб хабар беради ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати.