Ўтган йил якуни бўйича мамлакатимизга 6 миллион 748 нафар турист ташриф буюрган. Жорий йилда уларнинг сонини 7,5 миллионга етказиш кўзда тутилган. Бу саъй-ҳаракатда оилавий меҳмон уйларининг ўзига хос ўрни ва аҳамияти бор. «Оилавий меҳмон уйлари» фаолияти йўлга қўйилганига эндигина бир йилдан ошган бўлсада, уларнинг сони 900 дан ошди. Авваллари фақат Бухоро, Хива, Самарқанд каби тарихий шаҳарларимиз турист ва маҳаллий аҳоли билан гавжум бўлса, бугунга келиб, юртимизнинг барча гўшалари инсонларга завқ берадиган мафтункор қадамжоларга айланди. «Оилавий меҳмон уйлари» ташкил этилиши натижасида юртдошларимиз эндиликда ўз уйида тадбиркорликни йўлга қўйиб, рўзғорига барака киритиш билан бирга туризм ривожига ҳисса қўшмоқда.
Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 13 августдаги вилоятга ташрифи «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 5781-сон фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 августдаги «Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги 631-сонли қарори ижросини таъминлашга йўналтирилган. Ишчи гуруҳ Сурхондарё вилояти Бойсун тумани Инкобод МФЙдаги Омонхона қишлоғи, Сайроб МФЙни, Денов тумани Сангардак қишлоғи, Тўполон сув омбори, Олтинсой тумани Ҳожи Пок ота маҳаллаларида бўлиб, ташриф доирасида ҳар бир маҳалланинг туризм салоҳиятини ўрганди ва тадбиркорлар ҳамда маҳаллий аҳоли билан туризм хизматларини ташкил этиш юзасидан учрашувлар ўтказди. Ушбу мақомини бериш орқали «Обод қишлоқ, Обод маҳалла» давлат дастурига киритиш юзасидан амалга оширилиши режалаштирилган устувор вазифалар тўғрисида тегишли тушунтириш ва тавсиялар берилди.
Шунингдек, оилавий меҳмон уйлари фаолиятни ягона реестрдан ўтказиш тартиблари, оилавий меҳмон уйларида сайёҳларга хизмат кўрсатиш, меҳмон уйлари томонидан белгиланган талабларга риоя этилиши, оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этишда меҳмонларга яратиладиган шароитлар, жумладан, меҳмон уйларини миллий элементлар билан безатиш, улар томонидан қўшимча хизматларни кўрсатишга доир тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилди. Энди ушбу маҳаллаларда яшовчи оилавий меҳмон уйлари эгалари меҳмон уйларига ташриф буюрувчи сайёҳларни қонуний тартибда қабул қилишлари мумкин.
Сурхондарё вилояти маҳаллаларида оилавий меҳмон уйларининг очилиши маҳаллий аҳолининг бандлигини таъминлаш ҳамда ички туризмни янада ривожлантириш йўлида муҳим аҳамиятга эга.