Жорий йил Янгиҳаёт туманидаги тиббиёт муассасаларини тўлиқ электрон платформага ўтказиш, ҳудуддаги кўп тармоқли ва оилавий поликлиникаларни локал тармоққа улаш ва модернизация қилиш учун 52 242,5 минг сўм маблағ ажратилди. Айни пайтда пойтахтнинг Чилонзор, Яшнобод ва Янгиҳаёт туманларидаги тиббиёт муассасаларини мазкур электрон дастурга улаш бўйича амалий ишлар олиб бориляпти.

— Янгиҳаёт тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси, 65 ва 66-сонли оилавий поликлиникалари жами 30 та компьютер жамланмаси билан таъминланди, — дейди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи А.Алимов. — Бунда туман бўйича марказий кўп тармоқли поликлиника эксперимент тариқасида биринчи бўлиб ушбу янги электрон дастурга уланди. Шу билан бирга, шифокорларнинг дастур ёрдамида фаолият олиб бориши йўлга қўйилиб, тизимдан фойдаланиши бўйича ўқитилди.

Шуниси эътиборлики, мазкур дастур ишга тушиши орқали шифокор ва беморнинг ортиқча вақти тежалади, тиббий хизмат сифати ва самарадорлиги ошади. Шифокорлар фаолияти ва иш юкламасини мунтазам кузатиб бориш, статистик маълумотларни шаффоф тарзда юритиш имкони яратилади. Шу билан бирга, фуқаронинг аввал қандай касалликлар билан оғригани, қандай муолажалар олгани ва унинг саломатлиги билан боғлиқ бошқа барча маълумотлар базада электрон шаклда сақланади.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, мазкур янги электрон дастур тиббиёт ходимлари ўртасида тиббий маълумотлар алмашинуви учун халқаро стандартдаги (FHIR) дастури ҳисобланиб, бир қатор қулайликларга эга.

Жумладан:

– ҳақиқий вақтда ҳисоботларни қабул қилиш ва узатиш;

– шахсий ва тиббий маълумотларни ажратиш;

– Тиббий маълумотларнинг юқори даражадаги хавфсизлиги ва назорати;

– янги ташкил этилган тиббиёт муассасаларини тез ва осон бирлаштириш каби қатор имкониятларга эга, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.