«Очиқ айтиш керак, ҳозир банклар таклиф қилаётган кредитлар барча туман ва шаҳарлар учун бир хил. Энди ўзингиз айтинг, Олмазор билан Бўзатовдаги имконият ва шароитни таққослаб бўладими?
Лекин оилавий тадбиркорлик учун иккала туманга бир хил, 17,5 фоизли кредит ажратиляпти. Энди 37 та «оғир» туманда ушбу дастур доирасида кредитлар 12 фоиздан берилади», – деди Президентимиз.

Барча туманда оилавий тадбиркорлик бўйича имтиёзли кредитнинг энг кўп миқдори 1,5 карра кўпайиб, 50 миллион сўмга етказилади. Бунда импорт қилинган ва сертификатли наслли чорва учун 100 миллион сўмгача кредит берилади. Уй меҳмонхона, кичик ҳажмли музлаткич, маҳсулотни сақлаш ва қайта ишлаш мини технологияси учун 150 миллион сўм гаровсиз кредит ажратилади.

Чегара ва анклав ҳудудда жойлашган 562 та маҳалладаги тадбиркорлик лойиҳаларининг кредит миқдори 1 миллиард сўмгача оширилади.

Бунинг учун жорий йилда оилавий тадбиркорлик дастурларига режа қилинган 3,6 триллион сўмга қўшимча яна 2 триллион сўм ресурс йўналтирилиши белгиланди.

Маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш учун бу йил банклар 17 триллион сўмлик кредит ажратади. Бу жараёнда маҳсулот етиштиришга олинган кредитнинг 4 фоизи, уни қайта ишлаш лойиҳасида эса 6 фоизи қоплаб берилади.