Хусусан, корхонада молиявий маблағларнинг мақсадли сарфланиши, давлат харидларининг шаффофлиги, рақобат қонунчилигига мувофиқлиги ва ходимларни (ҲР) бошқариш жараёнларида инсон омилини камайтириш бўйича жорий этилган ва рақамлаштирилган тизимлар бугун ўз мевасини бермоқда. Мана шундай тизимли ва изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида, ОКМК АЖда коррупцияга қарши курашиш тизими муваффақиятли сертификатлаштирилди ва натижада корхона навбатдаги йирик халқаро ютуқни қўлга киритди.
ISO 37001:2025 (Коррупцияга қарши бошқарув тизими) — ташкилотларда коррупция ва порахўрлик хавфларининг олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйиш бўйича Халқаро Стандартлаштириш ташкилоти (ISO) томонидан ишлаб чиқилган энг нуфузли жаҳон стандарти ҳисобланади.
Ушбу халқаро Мувофиқлик сертификатининг янги 2025 йилдаги таҳрири бугун Олмалиқ кон-металлургия комбинатига тантанали равишда топширилди. Бу воқеа корхона тарихида шаффофлик, қонун устуворлиги ва халқаро ишончнинг янги даврини бошлаб беради.
Бугунги кунда Лондон металл биржаси, Cоппер Марк ва Европа Иттифоқи бозорлари тизимида шаффофлик ва комплаенс назорати тизими жорий қилинган компания ва ташкилотлар ўз маҳсулотларини реализация қилишда алоҳида устуворликка эга бўлади.
Шу боисдан ҳам, мазкур янги таҳрирдаги халқаро сертификат ОКМК маҳсулотларининг дунё бозоридаги рақобатбардошлигини каррасига ошириб, халқаро бозорларга тўсиқсиз чиқиш имконини кенгайтиради. Халқаро инвесторлар ва йирик трансмиллий банклар коррупция хавфлари минималлаштирилган корхоналарга катта ҳажмдаги имтиёзли кредитлар ва тўғридан-тўғри инвестицияларни хавфсиз ажратади.
Бундан ташқари, ISO 37001:2025 стандарти тизимининг Комбинатда мавжудлиги глобал экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ЭСГ) кўрсаткичларида ОКМКнинг баҳосини кескин юқорига кўтаради.
Ички тизимда эса корхонанинг барча бўғинларида молиявий хавфлар қатъий назоратга олинганлигини англатади, очиқлик индекси мустаҳкамланади.
Рейтинг кўрсаткичлари ва солиштириш мезонлари бўйича олиб қарайдиган бўлсак, анъанавий давлат ички рейтинги фақат Ўзбекистон Республикаси доирасида миллий аҳамиятга эга бўлиб, давлат органларининг ахборот бериш кўрсаткичларини баҳолайди.
Янги таҳрирдаги ISO 37001:2025 халқаро сертификати эса бутун дунё миқёсида тан олинган олий андоза бўлиб, 32 та энг қатъий халқаро мезон ва тизимли хавфларни холис аудит қилиш орқали тақдим этилади.
Ички рейтинглар миллий агентликлар томонидан масофавий ёки ички баҳолаш асосида шакллантирилса, ISO стандарти мустақил халқаро аудиторлик ташкилотлари томонидан жойига чиққан ҳолда, икки босқичли қатъий аудит натижасига қараб тақдим этилади.
Энг муҳими эса, хорижий инвесторлар учун миллий рейтинг шунчаки локал маълумот ҳисобланса, янги таҳрирдаги ушбу халқаро сертификат инвестиция киритиш ва тўғридан-тўғри йирик трансмиллий шартномалар имзолашда асосий талаб сифатида сўралади.
ОКМК янги таҳрирдаги ушбу нуфузли халқаро сертификатни қўлга киритиш орқали нафақат ишлаб чиқариш ҳажми ва технологик қуввати бўйича, балки корпоратив бошқарув, шаффофлик ва очиқлик йўналишида ҳам дунёнинг энг илғор компаниялари қаторидан жой олганини амалда исботлади.
Маълумот ўрнида: ОКМКда Халқаро экспертлар билан биргаликда коррупцияга қарши курашишга оид 19 та ички идоравий ҳужжат ишлаб чиқилди.
2026 йил биринчи ярим йиллигида имзоланган барча 3 722 та тижорат шартномасига 100% аксилкоррупция шартлари киритилди. Ўтган даврда 20 нафар ходимлар айнан ISO 37001:2025 талаблари асосида ўқитилди. Сертификатлар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Директорининг «ОКМК ёшлари билан ўтказилган учрашуви» чоғида тантанали равишда топширилди.
Ишга қабул қилинган ходимлар билан тузилган 975 та меҳнат шартномасига ҳам коррупцияга қарши қатъий талаблар қўшилди.
Комбинатнинг 66 та асосий функцияси хавф даражаси бўйича тўлиқ баҳолашдан ўтказилди.
Корхона ва бўлимлардаги 5 447 нафар раҳбар ходим манфаатлар тўқнашувига оид декларацияларни тўлдирди ва босқичма-бошқич таҳлил қилинмоқда.
Комбинатнинг харидлар жараёнида рақобат қонуни талабларига риёя этилишини таъминлаш мақсадида 90дан зиёд контрагентлар (шерик корхона) “KYC”, “Forensic audit”, “Due diligence” қоидаларига мувофиқ комплекс текширувдан ўтказилди.
Коррупцияга қарши курашиш йўналишида комбинатнинг 65 нафар масъул раҳбарлари махсус курсларда ўқитилди.
Ҳисобот даврида комплаенс хизмати томонидан жами 24 та ички хизмат текширувлари ўтказилди.
Текширувлар натижасида 5,1 миллиард сўмлик мақсадсиз ва асоссиз харажатларнинг олди олинди.
Аниқланган камчиликлар юзасидан 28,6 миллион сўмлик молиявий зарар тўлиқ ундирилиб, Комбинат балансига қайтарилди.
Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш натижаларига кўра, 2025 йил якуни билан ОКМК 89 балл тўплаб, республикада энг юқори натижани қайд этган корхона ва ташкилотлар қаторидан жой олди.
Комбинатда 2021 йил май ойидан жорий қилинган аксилкоррупциявий тизим, Сертификация органи томонидан ташқи аудитдан ўтказилди ҳамда ИСО 37001:2025 Халқаро стандарти, шунингдек, Ўз МСт ИСО 37001:2025 миллий стандартлари қўлга киритилди.
ОКМК Ахборот хизмати
Реклама