Ана шундай лойиҳалардан бири “Олим ўқиган мактаб” тадбири бўлиб, унда олий таълим профессор-ўқитувчилари таҳсил олган мактаб жамоаси, ўқувчилар ва кенг жамоатчилик билан учрашувлар ташкил этилади.

 

Умрини илм-фан йўлига бахшида этиб, фаннинг сир-асрорларини чуқур ўрганиб, олимлик мартабасига эришган ҳамда бу илмий бойликни ёшавлодга етказишда салмоқли ҳисса қўшаётган, катта йўлга чиққан илм карвони — Ислом Каримов номидаги ТДТУ Олмалиқ филиали директори, техника фанлари доктори, профессор Самадов Алишер Усмоновичнинг илмий-педагогик ва раҳбарлик фаолияти ёритилган учрашув Самарқанд вилояти Пахтачи туманида бўлиб ўтди. 

 

1983 йилда тумандаги 32-мактабни олтин медаль билан тамомлаган Алишер Усманович орадан 40 йил ўтиб, мактаб остонасига илм-фан аҳли вакили сифатида, жамиятнинг илғор фарзанди бўлиб қадам босди. Учрашувга таклиф этилган нафақада умргузаронлик қилаётган ёши улуғ устозлардан олимнинг биринчи ўқитувчиси Яхшибой Нормуродов, 9-10 синф раҳбари педагогика фанлари номзоди, доцент Саидов Сайим Саидович, кимё фани ўқитувчилари Сайфиддин Эшмуродов, Амина Исломова, математика фани ўқитувчиси Бўрибой Норқобилов, тарих ва ҳуқуқшунослик фанлари ўқитувчиси Ибодулла Хамраев ва синфдошлари олис мактаб даврини ёдга олишди, хотиралар жонланди...

 

Мактаб жамоаси ва ўқувчилари учун ибратли ҳаётий йўлланма бўлган бу учрашув синфхоналарида ҳам давом этди. Ўз партасидан ўрин олган Алишер Усманович ўқитувчиларининг фан бўйича саволларига жавоб берар экан, ўқувчиларга ўз таассуротлари, ҳаётий қарашлари ҳақида ҳам сўзлади.

Ҳар бир инсон камолотида ўқитувчининг меҳнати беқиёсдир. Алишер Усманович ҳаёт йўлида унга устозлик қилган барча инсонларга миннатдорлик билдириб, ўқувчи ёшларга илм-маърифат инсон умрини чароғон қилувчи машъал эканлигини, ёшликда тинимсиз ўқиб-ўрганиш зарурлигини таъкидлади.

Тадбир давомида олийгоҳнинг иқтидорли талабалари ва мактаб ўқувчиларининг концерт дастури ҳам намойиш этилди.

 ТДТУ Олмалиқ филиали матбуот хизмати