Таҳлил шуни кўрсатдики, Марснинг маркази темирнинг суюқ қотишмасидан иборат бўлиб, унда ажабланарли даражада катта миқдорда олтингугурт ва кислород мавжуд. Янги маълумотлар Марс тарихини ва унинг Ердан нима учун бунчалик фарқ қилиши сабабини яхшироқ тушунишга ёрдам беради.
“1906 йилда олимлар зилзилалар натижасида юзага келадиган сейсмик тўлқинларнинг Ер ядроси орқали ўтишини кузатиш орқали биринчи марта уни кашф қилишди. Орадан юз йилдан кўпроқ вақт ўтиб, биз сейсмик тўлқинлар ҳақидаги билимларимизни Марсда қўллаяпмиз”, — деди тадқиқот муаллифларидан бири, Мэриленд университети геологи Ведран Лекич.
2021 йилдаги иккита воқеа Марснинг ядросини ўрганишга ёрдам берди: кучли зилзила ва метеорит билан тўқнашув. Улар томонидан ҳосил қилинган сейсмик тўлқинлар кузатувлар тарихида биринчи марта сайёра марказига етиб келди.
Натижалар шуни кўрсатдики, Ердан фарқли равишда Марс ядроси бутунлай суюқ ва ёпишқоқ.
Олимларнинг фикрича, ядронинг бундай хусусиятлари Марсни кучли магнит майдонидан маҳрум қилган. Бу Қизил сайёрада ҳаётнинг ривожланиши имкониятига таъсир қилган.
Аввалроқ олимлар Марснинг ички ядроси ҳажмини аниқлагани хабар қилинганди. Унинг радиуси 1810-1860 километрга етади, деб хабар беради mir24.tv.