Ўтган ҳафтанинг охирги кунлари илмий бахс-мунозараларга сермаҳсуллиги билан Ислом цивилизацияси ходимларининг иш кунини ҳам маънавий ҳам маърифий бойитди десак муболаға бўлмайди.
Ўзбекистон илм-фанининг забардаст устунлари бўлмиш олим ва профессорлар бошчилигида “Исломдан аввалги даврда Марказий Осиё” бўлимининг таркибий қисмлари атрофлича кўриб чиқилди. Бўлимда ўрин олиши кутилаётган нодир экспонатлар намуналари ўрганилди, мазмунан мос келмайдиган артефактлар ўрнига муқобил вариантлар таклиф қилинди.
Шунингдек, стендларга ёзиладиган 50 га яқин турли хил мавзуни қамраб олган матнларнинг мазмуни кўриб чиқилди. Бўлимнинг таркибий қисми ва контентлари тақдимоти Марказнинг илмий ходими, санъатшунос Алишер Эгамов томонидан намойиш этилди ва кўплаб саволларга ойдинлик киритилди.
Ибтидоий ва Антик давр бўйича еткачи олимлар Рустам Сулаймонов ва Шокиржон Пидаев томонидан бўлимни бойитиш юзасидан қимматли кўрсатмалар берилди. Қадимги давр ёзув маданияти бўйича республикамизнинг саноқли олимларидан бири Мирсодиқ Исҳоқов Ўзбекистон ҳудудидан топилган “Суғд ҳужжатлари”нинг ноёб намуналарини экспозициядан ўрин олишига яқиндан ёрдам кўрсатишини билдирди. Музейшунослик сохасида улкан мактабга эга бўлган профессор Жаннат Исмаилова бўлимга қўшимча ноёб артефактларни жалб қилиш, бўлимнинг очиқ ҳудудларини мобиллашган витриналар билан жиҳозлаш ва мавзуга доир макетлар орқали бойитиш кераклигини таъкидлаб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, “Исломдан аввалги даврда Марказий Осиё бўлими” экспозициясида 100 дан ортиқ экспонатлар ўрин олиши кутилмоқда. Улардан “Бодхисатва ҳайкали”, “Кушон тангалари”, “Эфталийлар даврига оид идиш намунаси”, “Оссуарийлар”, “Афросиёб ва “Қўйқирилган қалъа” шаҳарлари макети ва бошқа артефактлар бўлимнинг “шоҳ асарлари” қаторига киради.