Китобда таниқли олим, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборовнинг замонамиз ёшлари учун ибратли бўлган ҳаёт ва илм-у маърифат йўли қизиқарли услубда ёритилган. Олимнинг болалиги, ўқувчилик ва талабалик йиллари, илм йўлига илк қадамлари, адабиётшунос, матншунос, навоийшунос ва турколог сифатида илм-у ирфон ривожига қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда халқаро эътирофи ҳагида муҳим маълумотлар берилган.
Мамлакатимизнинг атоқли шоир-у адиблари, улуғ олимлари, қардош халқлар илм аҳли, шогирдлари ва оила аъзоларининг холис фикр-муносабатлари, нодир эсдаликлари китобда ўз ифодасини топган.
Китоб адабиётшунослик ва матншунослик соҳаси тадқиқотчиларига, илм ва ижодга қизиқувчи ёшларга ҳамда кенг ўқувчилар оммасига мўлжалланган.
Олимнинг шарафли фаолияти ва инсоний фазилатлари ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу китоб лотин ва кирилл алифбосида алоҳида-алоҳида чоп этилган бўлиб, бу нафақат замондошлари, балки адабиётшунослик йўлидан бораётган ёш издошлари учун ҳам муҳим қўлланма-манба вазифасини ўтайди.
- Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов Нурбой Жабборовнинг илмий фаолияти ва адабиётшунослигимиз учун қилаётган меҳнатини эътироф этар экан, хусусан, шундай дейди:
“Адабиётшунослик соҳасида Ғулом Каримов, Озод Шарафиддинов, Бегали Қосимов каби устоз олимлар ўз даврида илмий мактаб яратгани маълум. Бугунги энг салоҳиятли олимлар камолотида ана шу илмий мактабларнинг ўрни ва аҳамияти ниҳоятда катта. Лекин тараққиётнинг шиддати, глобаллашув суръати шу қадар тезлашиб кетдики, устоз олимлар анъаналарини янгилаш, замон талаблари даражасидаги янги илмий мактаблар яратиш ҳаётий ва илмий эҳтиёжга айланди. Университетимизда ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, тилшунослик ва адабиётшунослик бўйича янги илмий мактаблар шаклланди ҳамда такомиллашиб бормоқда. Шулардан бири – ўзбек мумтоз адабиётшунослиги илмий мактаби бўлиб, унинг асосчиси филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборовдир”.
Ушбу китоб кенг китобхонлар оммасига муборак бўлсин.