Бугун Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Ж.Саримсоқов ҳамда Мўйноқ тумани ҳокими Е.Еденбаев ўртасида амалий учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Мўйноқ туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилиниб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди, дея хабар бермоқда федерация ахборот хизмати.
Учрашув давомида, шунингдек, туманда қурилиши режалаштирилаётган "Истеъмолчилар уйи" маъмурий комплексининг лойиҳаси юзасидан ҳам фикр алмашилди. Мазкур маъмурий комплексда "Истеъмолчи кутубхонаси" ва "Истеъмолчи қабулхонаси" иш юритиши билан бир вақтда йигит-қизларга миллий ҳунармандчиликни ўргатувчи "Ҳунарманд ёшлар" ўқув маркази ҳам фаолият кўрсатади.