Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев бошчилигидаги сайёр қабулда аҳоли соғлиқни сақлаш, моддий-кўмак, уй-жой ва маиший турмуш муаммолари, коммунал хўжалик, бандлик, тадбиркорлик, кредит олишга доир қатор масалалар билан мурожаат қилишмоқда.
Қабул бошланган дастлабки соатнинг ўзида ўттиздан зиёд фуқароларнинг мурожаатини вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев шахсан тинглаб, жойида ўз муносабатини билдирди.
Мулоқотда тиббий хизмат, кредит таъминоти, уй-жойга доир бир қанча масалалар ўз ечимини топди.
Хусусан, Ойдин маҳалласида яшовчи Феруза Олимова ажрим натижасида уй-жойсиз қолгани, хонадонини собиқ турмуш ўртоғидан қайтариб олишда муаммоларга дуч келаётганини баён этди.
Мазкур мурожаат вилоят ҳокими ва тегишли ташкилот мутасаддилари иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, Феруза опага қонун талабидан келиб чиқиб, амалий ёрдам бериладиган бўлди.
Файзобод маҳалласида яшовчи Зулайҳо Мингяшарованинг оилавий шароитини инобатга олиб, вилоят ҳокими 5 млн. сўм пул маблағини моддий ёрдам сифатида ажратиш юзасидан тегишли кўрсатма берди.
Шунингдек, ўғлини даволатиш учун амалий ёрдам сўраб келган Феруза Турсунбоевага 12 млн. сўм маблағ бериладиган бўлди.
Жараёнда айрим фуқароларга ҳуқуқий жиҳатдан тушунтиришлар ҳам берилмоқда, деб хабар беради Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.