БИЗНИ САМИЯТ ВА МEҲР ҚАРШИ ОЛДИ

Самолёт Минск шаҳридаги аэропортга қўнди. Ҳаво салқин. Ўрмон чети қор. Қиш ҳали кетмабди. Делегациямиз ўн бир кишидан иборат. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидан беш нафармиз. Қолганлар ноширлар. Беларусда Ўзбек адабиёти кунлари ҳамда Халқаро китоб кўргазмаси бўлиб ўтади; иштирок этамиз.

Бизни Беларусдаги элчихонамиз раҳбарияти ҳамда Беларус Ёзувчилар уюшмаси раиси Александр Николаевич Карлюкиевич кутиб олди. Уюшма раҳбари қўлимизга газета тутди. Мамлакатдаги нуфузли адабий нашр – «Адабиёт ва санъат» («Литература и мастаства») газетасини варақлаб, ҳайратга тушдик.16 саҳифалик газета тўлиқ, бошдан оёқ ўзбек адабиётига бағишланибди. Ўзбек адиб ва шоирларининг асарларини босишибди. Бирорта бегона мақола ё шеър-пер йўқ. Ҳаммаси ўзбекларга, Ўзбекистонга аталган. Ҳа, газетанинг биринчи саҳифасидан то охири, энг сўнгги қаторигача ўзбек, Ўзбееистонга бахшида!

Бунчалик иззат-ҳурматдан ўзингизни ғалати ҳис қиласиз, турган жойингизда учиб-қўнасиз.

Бу Сизнинг адабиётингиз, халқингизга буюк эҳтиром аслида. Буюк Навоийси, қанчалаб улуғлари бор юртга иззат-икром ифодаси. Шуларнинг ҳурмати Сиз учун ҳам бу ҳурмат...

Мен ҳали ўзга бирор юртнинг нашри тўлиғича бир халқ адабиёти, маданияти, қадриятига бус-бутун бағишланганини кўрмаганман. Агар бизда «Беларус адабиёти кунлари» байрами ўтказилса, бизнинг адабий газетамиз шундай, «А»дан «Я»гача Беларусларга бағишланармиди?, деган ўй ўтди хаёлимдан... Ва, ўша ҳолатни тасаввур қилиб кўрдим; нега энди бағишланмас экан, бағишланади, бизнинг бағрикенгликда Беларуслардан кам жойимиз борми?

Хуллас, аэропортдан шундай ёруғ ўйлар ила Минск сари йўл олдик.

ОДАМИЙЛИК ЭЗГУЛИК, ТИНЧЛИК ЭЛЧИСИ

Меҳмонхона... ХХИ-асрнинг ким ўзарга ўйнайдиган кўп юлдузли меҳмонхоналаридан қолишмайди. Таърифга тил ожиз.

Соат 16:00. Беларус Ёзувчилар уюшмасида давра суҳбати бўлиб ўтди. Ҳурматимиз учун энг таниқли, номдор адиблар, Беларус ОАВ вакиллари ҳозир бўлишган.

Давра аҳли бирдан тил топиша қолди. Адабиёт чегара билмайди. Адабиёт халқлар қалбини бирлаштира оладиган қудратли куч. Дунёни асраб қолишнинг бирдан-бир йўли, бани-башар учун умуминсоний Адабиёт зарур бўлиб турибди. Ҳа, умумдунёвий эзгулик адабиёти. Бир пайтлар, «Бутун дунё пролетарлари бирлашингиз!», деган чақириқ бўлган эди. Ҳамма газеталарнинг, адабиётнинг ҳам тепасида шу чорлов турарди. Адабиёт бугун бир ҳақиқатни англади ва ўз куч-қудратини ҳам ҳис қилди; Бутун дунё шоир - адиблари бирлашмоғи даври келди.

Адабиёт – эзгулик, одамийлик, меҳр-муҳаббат, тинчлик куйчиси. У инсон боласига Сен ўзингни, ўзлигингни, одамгарчиликни йўқотмасанг, бу дунё жойида туради. Сендан кўп нарса керак эмас, фақат одам бўлиб қол, шундагина бу дунёни офатдан, урушдан, очкўзликдан асраб қоласан, деб уқтиради.

Шундай экан ҳозирги адибларнинг ҳам, эзгу ниятли Адабиётнинг ҳам миллати бўлмайди. Унинг миллати – Инсонийлик!

Давра суҳбатига ана шундай улуғ ақида қур берди.

АДАБИЁТ ЧEГАРА БИЛМАЙДИ

«Беларус адабиёти тарихи» музейидамиз. Кенг залда одам гавжум. Ёзувчи – шоирлар, зиёлилар, адабиёт мухлислари жамулжам. Бу ерда ҳам ўзбек адабиётига бағишланган тадбир бўлиб ўтади.

Мезбонлар ўзбек адабиёти ҳақида завқу шавқ ила гапиришди. Минбарда адабиётимизнинг ёрқин намоёндалари шеърлари Беларус тилида янгради.

Бу ерда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ҳам ғазал ва шеърлар ўқишди. Мумтоз куйларимиз янгради. Хуллас, Адабиёт байрами ва Наврўз тантанаси уйғун ҳолда нишонланди. Тадбирда камина ҳам сўзга чиқдим. Дўстлик ва тинчлик бобида нималардир деб гапирдим ва охирида ўз тилимда шеър ўқидим. Йиғилганлар самимий қабул қилишди. Чиндан ҳам адабиёт чегара билмайди. Қизиғи, тадбиримизда бошқа давлатлар адиб ва олимлари ҳам иштирок этишаётганди.

Ташқарига чиқдик. Россия Ёзувчилар уюшмаси раиси, анчагина вазмин ва сипо бўлиб кўринган Николай Федорович Иванов жилмайган кўйи ёнимга келди.

– Тинчлик ҳақида яхши гапирдингиз. Сиз ҳақингизда кўп нарса билиб ҳам олдим. Афғон урушида бўлган экансиздаа? Мен ҳам ўша ерда бўлганман. Десантурада хизмат қилганман.

– Биламан. Сизни яхши биламан, – дедим мен.

– Аа?

– Ҳа, Тошкентда устозимиз Аҳмаджон Мелибоев айтгандилар: «Россия Ёзувчилар уюшмаси раиси ҳам «афғон» деб...» У киши «Жаҳон адабиёти» журнали Бош муҳаррири.

Менинг «афғон қуролдошим» бир нуқтага тикилиб туради:

– Ҳа,я, эсладим. У киши билан биз Доғистонда еўришганмиз. Салом айтинг.

– Хўп. Айтаман.

– Тадбирларинг зўр ўтаяпти, қойил қолдим!

... Қойил қолдим деди. Бошида анча мағрур эди. Тадбир сўнггида қойил қолди...

ИЛИН АКАГА ҚОЙИЛ ҚОЛИШДИ

Беларус Давлат Университетида «Ёзувчи ва замон» мавзусида Халқаро симпозиум бўлди. Уюшмамиз аъзоси, ҳамроҳимиз Николай Илин маъруза қилди. Тан олиш керак, Илин ака ҳаммани қойил қолдирди. Эсимизда қолган гап: «Сизлар Инсон қалбини, руҳиятини нурлантирадиган, инсон қисматини таҳлил қиладиган соф адабиёт ҳақида гапиринглар, кичик манфаатлар йўлида адабиётни сарсон қилишнинг нима кераги бор», – деди у.

Зал жим... Сўнг зал бир қалқди. Зални қарсак тутиб кетди. Россиянинг бошқа ўлкаларидан келган адиб ва адабиётшунослар, бошқа чет-эллик меҳмонлар ўзбек делегация вакилининг маърузасига ич-ичидан тан беришди!

МИНБАРДА ЎЗБEК ШEЪРИЯТИ ЁХУД ЎЗБEКИСТОН ҲАЙРАТЛАРИ

Минск шаҳридаги Янка Купала номидаги Марказий кутубхонадамиз. Бу ерда Ғафур Ғулом таваллудининг 120 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Улкан залда одам гавжум. Ўзбек адабиётига бағишланган махсус кўргазма ташкил этилган. Ўзбекча китобларни кўриб ҳайратланасиз. Шерикларим Салим Ашур, Сирожиддин Рауф, Николай Илин, Олимжон Давлатовнинг ҳам қалбида ҳаяжон; Беларуслар худди ўз шоирининг юблейини ўтказаётган каби тайёргарлик кўришибди. Беларус халқ қўшиқлари ҳамда Ғафур Ғулом шеърлари Беларус тилида янгради. Шоирнинг шеърлари ўқилгач, лиқ тўла зални гулдурос қарсаклар тутди. Икки соат давом этган адабиёт байрамидан сўнг, шу ернинг ўзида «Ўзбекистон ҳайратлари» деган фото кўргазмани ҳам томоша қилдик. Расмларга боқиб, шундай гўзал маскан, табиати оромижон, тарихи буюк замин фанзанди эканлигимиздан фахрландик.

ҚИШЛОҚЛАР ҚАБРИСТОНИДА

Бу ерга қишлоқлар кўмилган, ёниб кетган қишлоқларларнинг қабристони. Тасаввур қилинг, ёниб кул бўлган 186 та қишлоқнинг қабри. Ўша қишлоқлардаги одамларни айтинг. Уларни ҳам тириклайин ёқишган. Айрим қишлоқларда 34 мингдан зиёд одам яшаган.

Минск шаҳридан 50 чақирим наридаги Хатин қишлоғи ўрниди жойлашган бу қабристонга қадам қўйишга юрагингиз бетламайди, оёқ- қўлингиз қалтирай бошлайди:: мен шу аҳволда эдим. Сон - саноқсиз қабртошларга одамларнинг эмас, қишлоқларнинг номи ёзиб қўйилган; ўз аҳли билан бирга ёниб култепага айланган қишлоқларнинг номи.

Ер остидан бегуноҳ гўдаклар, болалар, аёллар ва кексаларнинг дод- фарёди эшитилгандай, юзингизга оловнинг тафти урилгандай бўлади. Айниқса, рўпарадаги оловда ёниб-куйган фарзандини кўтариб турган шўрлик ота ҳайкали қошида гандираклаб қоласиз...

Мусибатдан инграб ётган бу заминда бир халқнинг фожеали қисмати кўмилгани, орадан саксон йил вақт ўтсада, ёнаётган одам танаси, жизғанак эт ҳиди, урушнинг, бешафқат ва баттол фашизмнинг тассаввурни тирқиратадиган ёвузлигини туясиз. Инсон боласига Тинчлик ва осойишталикдан улуғ неъмат йўқлигини ҳис қиласиз.

Уруш уйингни куйдиради, томирингни қуритади, бола- чақангни қиради, топтайди, хўрлайди, унинг оғриғи асрларки тинкангни қуритади.

Ер юзида қирилиб кетмагани учун, яшаб қолгани учун ҳам бугун ҳар бир беларус биз ўзбеклар учун қадрли, деганимда, бизни Хатин қишлоғига олиб борган йўлбошловчимиз кўзларида ёш қалқди.

ДУНЁНИ НИМА АСРАЙДИ? КИМ ҚУТҚАРАДИ?

Барча алифболар, ёзувлар инсоният хотирасидан батамом ўчиб кетган тақдирда ҳам китоблар яшаб қолишига ишонган халқни енгиб бўлмайди.

Албатта бу дунё тарбияга муҳтож эмас, у ўз жойида турибди. Уни асраш керак бўлса, Инсондан, Инсон боласидан асраш керак. Демак, дунё эмас, Инсон боласа тарбия ёки ёрдамга муҳтож.

Дунё бир тўхтамга келиб бўлди; одамзот китобдан узоқлашгани, адабиётни ҳис қилгувчи туйғуларни тараққиёт қурими босгани сайин унинг ҳаёти таҳлика ичида қола бошлади. Шундай экан, дунёни қутқарма, Одамзот, ўзингни қутқар. Кимдан? Албатта, ўзинглан! Одамсизликдан! Шунда ҳамма нарса жойида туради, бу дунё ҳам тинч бўлади.

Бир неча кунлардан бери Минск шаҳрида давом этаётган ХХХ - Халқаро Китоб кўргазмаси змирида --- бугун дунёни китоблар қутқаради, келажак авлод қалбига адабиёт ёруғлик олиб киради, китобдан узоқлашиб бориш ўзликни йўқотиб қўйишдир, деган ховотир, очиқ айтсак, таҳлика сингдирилган эди. Жаҳоннинг қайси бурчагидан келиб бу тадбирда иширок этмасин, ҳар бир ношир ёки адибнинг қалбида шу безовталик бор эди.

Йўқса, Африка ёки Венуселадан, Ҳиндистон ёки Арабистондан, Ўзбекистон ёки Европадан шунча йўл босиб, бу эзгу тадбирга китоб кўтариб келишмасди. Очиғини айтиш керак, бугун ҳамма жойда бир хўроз қичқираяпти; дунё китобсизлик касалига йўлиқиб бормоқда, дунёнинг ҳар бир ўлкасида ўз келажагимни қандай асраб қолсам экан, деган ўй бош оғриққа айланиб бўлди. Ва, ягона йўл китоб ва адабиёт эканлигини дунё англаб етди. Алабиёт ёруғлик тимсоли, китоб эса адабиётга нур ато этажак ягона манба.

Аҳлоқ ҳам шу, меҳр ҳам шу, муҳаббат ҳам шу, бир сўз билан айтганда, ОДАМИЙЛИК сабоғи адабиёт. Ахир дунё бугун шу нарсага зор бўлиб турибдику. Боланинг, ёш ўсмирнинг қўлидан қўлтелефонни, қўлоғига қўрғошин бўлиб қуйилиб кириб, қотиб қолган «қулоқтиқма» ни суғириб олишга кучи етмай турган ожиз дунё учун ўз келажаги қўлига қандай қилиб бўлмасин, китоб тутқазишдан бошқа чора қолмади. Шуни англаб етган давлатларнинг тадбири эди бу. Кўргазма майдонидаги Ўзбекистон стендига келиб китобларимизга қизиққан Беларус Республикасининг Ташқи Ишлар вазири Сергей Алийникнинг ҳам айни дам кўнглидан шундай ўйлар кечаётганди, эҳтимол.

Ҳа, адабиёт чегара билмайди. Адабиёт Инсонлар қалбини бирлаштиради. Адабиётнинг қуроли эса китоб. Бу қурол билан одам ўлдирмайдилар, аксинча, одамлар қалбида одамийлик уруғини сочадилар. Бугун дунёга шундан ортиқ нима керак?

Минскда бўлиб ўтаётган Китоб тадбирида турли ўлкалардан келган ноширларлар бугунги авлод эртаси ҳақида бизнинг фикримиз билан ҳам қизиқишди.

«Болангиз Сиздан ўзоқлашаётган бўлса, бир амаллаб қўлига китоб беринг, китоб, албатта, уни қайтариб олиб келади...»

Бизнинг жавобимиз шу эди. Фикримизни уққан ҳорижлик ноширладан бири ён дафтарини олиб нималарнидир ёзди. «Майлими, шу гапингизни нашриётимиз эшигига ёзиб қўямиз?..»

Самимий жилмайиб турган хусисий нашриёт соҳибининг қалбида кечаётган туйғулар айни дам бошқаларга ҳам бегона эмас эди. Бу ердагиларнинг кўнглини бир ўй ёки хавотир бирлаштириб турганини ҳис қилдик; Дунёни адабиёт асрайди, китоб қутқаради...

БУ УЙДА ЎЗБEКИСТОН ЯШАЯПТИ

Минск шаҳрида бир ҳовли бор. Бу ерда деярли ҳар куни Ўзбекистон, ўзбек халқи улуғланади. Одам оёғи узилмайдиган бу хонадон бекаси Василиса бизни ўз оғалари келган каби очиқ ва ёниқ чеҳра билан қарши олди.

Василиса беларуснинг буюк ўғлони, ардоқли шоир Якуб Коласнинг чевараси. Ҳа, англадингиз, бу даргоҳда улуғ шоир Якуб Колас яшаган. Ҳозирги кунда уй музейга айлантирилган.

Музейда ризқи рўз билан қарши олишди, кечки нонуштага дастурхон тузашди, ўзимизнинг кўк чойдан дамлашди. Келшимиз олдидан Беларус ТВ ҳамда бир қанча ОАВ вакиллари ҳозир бўлишганди. Сафимизда москвалик, қозоғистонлик ва бошқа ўлкаларнинг ҳам адиблари бор эди.

Чойдан сўнг чевара қиз Василиса бизни музей билан, шоир ҳаёти билан таништирди. Ишонаверинг, бир соатдан кўпроқ вақт давомида мезбонимиз миннатдорлик ила ҳар икки гапнинг бирида Ўзбекистон ҳақида, ўзбекларим ҳақида тўлқинланиб, айрим ҳолларда кўзлари тубида ёш айланиб гапирди. Чунки, улуғ шоир яшаган уйнинг қай бир хонасига кирмайлик, ўша ерда Ўзбекистонмиз билан боғлиқ бирор ҳодиса, шоир ҳаётида ўчмас из қолдирган воқеа тилга олинади.

Шоир Иккинчи Жаҳон уруши даврида икки йил Тошкентда яшаган. Тошкент бошпана бўлган, ўзбеклар унга меҳр кўргазган. «Чимган», «Салор», “ Қуёшнинг ботиши» каби баланд шеърларини шу ерда ёзган, китоблари чоп этилган. Энг муҳими, бағри кенг, меҳрибон Халқимнинг меҳрини туйган, бошига иш тушган инсонга таянчу суянч бўлоладиган, яхшилигини миннат қилишдан ор биладиган оқибатли одамларнинг мардлигини ҳис қилган.

Бошловчи қизимиз Василиса биз келганимиз учун Ўзбекистонга, ўзбекларга атайлаб урғу бериб гапираятимикин, деган гумонга ҳам бордим. Бироқ ўша заҳоти унинг кўзлари тубидаги қайноқ ёш мавжларини кўриб, хаёлимга келган ўйдан уялиб кетдим. Чунки, бу уйдаги экспонатлар, китоблар, шеърлар, ўзбек адибларининг сувратлари, мониторда акс этиб турган манзаралар, ҳатто, миллий бош кийимимиз, ўша даврнинг косага ўхшаб кетадиган шопиёласи... бари - бари Ўзбекистонни эслатиб турсаю, қандай қилиб Ўзбекистон ҳақида гапирмаслик мумкин? Василиса таништирув сўнггида бир гапни айтди: «Ўша йилларда бобомнинг вужуди Тошкентда, бироқ қалби Беларусда қолган эди... Бироқ Тошкентдан қайтиб келиб, ўз уйида яшай бошлагач, энди унинг қалби, руҳи Тошкентга кўчганди. У урушдан кейинги йилларда умрининг сўнгги кунларигача Ўзбекистон ва ўзбеклар ёди билан яшади. Демак, бу ер Сизнинг ҳам уйингиздир. Келиб турсангиз, ўзимнинг ўзбекларим келди, деб бобомнинг руҳи шод бўлади...»

Мен ғурурланиб кетдим. Кўзимда ёш қалқди. Чиндан ҳам бу хонадонда Ўзбекистон яшаётгани, дов-дарахтлар билан ўралган сокин уй тимсолида меҳрибон Ватаним ва Халқимга мангу ҳайкал қўйилганини ҳис қилдим. Ўзбекларнинг «Бир кун туз еган жойингга қирқ кун салом бер», --- деган ўгитини беларуслар бировдан яхшилик кўрсанг, бир умр унутма, деб талқин қилишаркан.

Ўз қадрдонларимиз билан хайрлашар чоғида ёнимдаги москвалик ва қозоғистонлик, яна қаердандир келган адибларнинг бизга энди бошқача, меҳри ийиб қараётганини сезиб ғуруландим. Бу туйғуни биргина мен эмас, шерикларим --- шоирлар Салим Ашур, Сирожиддин Рауф, Николай Илин, навоийшунос олимимиз Олимжон Давлатов ҳам ҳис қилишди.

Машинага чиқаётиб беихтиёр ортга юзландим. Уй эгалари худди ўз ака - укаларини сафарга кузатаётган каби қўл силкишаяпти. Уй ҳам бироз мунғайиб, яна келинглар, деб илтижо қилаётганга ўхшайди. Кўнглимдан: «Биз яна келамиз қадрдонлар! Эй, оқ кемадай оппоқ уй, ахир Сен бизга чин ўзбеклик ҳақида сўзлаяпсан - ку, албатта келиб туришимиз керак экан...» деган ўй кечди.

НАВОИЙ ДАҲОСИ ЕР ЮЗИДА УЛУҒДИР

Беларус Ёзувчилар уюшмасининг театр томошалари залида Ҳазрат бобомиз Алишер Навоийга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Кенг залда бўш ўриндиқ топиш амри маҳол.

Тадбирни Беларус Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Елена Стелмах ҳамда Беларус Ёзувчилар уюшмаси Минск шаҳар бўлими раиси Михаил Поздняков олиб боришди. Уларнинг иккиси ҳам ўзбекча урфда кийинишган. Елена опа эгнида адрас, Михаил ака эса дўппи кийиб олган.

Бу ерда ҳам куй-қўшиқ, ғазал ва шеър авж пардага чиқди. Ишонасизми, юртингдан уч ярим минг километр олисда, Европанинг биқинида, Сенинг адабиётинг, санъатинг, қадриятларинг улуғланса, худди ўз юртингдаги каби аъло даражада ўтаётган байрам тадбирида иштирок этсанг, қалбинг қувончга тўлиб, беихтиёр кўзга ёш ҳам келаркан. Бошловчилар ҳар икки гапнинг бирида Тошкент, Ўзбекистон, меҳрибон ўзбек халқини улуғлашади. Театр актёрлари чиқишиб улуғ Навоий ғазалларини ўқишади. Беларус миллий чолғу асбобида куй янграйди, қўшиқлар айтилади. Айниқса, у ерда таҳсил олаётган ўзбек талабалари – ўғил-қизларимиз Ҳазрат Навоий ғазалларини ёд айтишганда, Навоий ғазалларини қўшиқ қилиб куйлашганда бутун зал жунбушга келди.

Навоийга эҳтиром намунаси олдида, улуғ бобомизни шарафлаган халқ, олдида таъзим қиламиз.

Ҳа, чиндан Адабиёт чексиз қудратга эга. Яна айтаман, адабиёт чегара билмайди. Чунки Инсон қалби, Инсон севгиси ҳеч қандай чегарани тан олмайди.

Хуллас, Беларусдан кўп ва хўп таассуротлар билан қатдик. Вақт соати етгач бошқа воқеа-ҳодисаларга ҳам тўхталамиз. Айниқса, Минскдаги уруш музейи, ўрмон ичидаги партизанлар лагерига қилган сафаримиз хотиралари эса олам-жаҳон. Киши қалбини титратади. Булар ҳақида эса кейинги чиқишларимизда ҳикоя қиламиз.

 

Қўчқор НОРҚОБИЛ