Халқаро ҳамкорлик, дунёнинг турли мамлакатларида жойлашган олий ўқув юртлари билан узвий алоқалар таълим муассасалари фаолиятидаги энг муҳим йўналишлардан биридир. Шу боис, Наманган муҳандислик-қурилиш институтида бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда институт 40 дан ортиқ халқаро ҳамкорлик шартномаси ва меморандум имзолаган. Мамлакатлар жўғрофияси эса Италия, Чехия, Россия, Хитой, Беларусь, Туркия, Польша, Испания, Малайзия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Қозоғистон ва Қирғизистон каби давлатларни ўз ичига олади.

Ҳамкорлик ришталари ўрнатилган олий ўқув юртлари  қаторидан Чехия табиий фанлар университети, Гранада университети, Болонья университети, Малая университети, Қозон федерал университети, Жанубий Урал давлат университети, Беларусь миллий техника университети, Бауман номидаги Москва давлат техника университети ва Қирғиз-Турк Манас университети каби нуфузли ОТМлар ўрин олгани қувонарли.

Олий таълим муассасамиз 2022 йил давомида Ҳиндистон билан алоқаларни мустаҳкам йўлга қўйганини алоҳида таъкидлаш  жоиз. Жумладан, май ойида ушбу давлатнинг мамлакатимиздаги элчихонаси кўмагида институтда Ҳиндистон хонаси очилди. Мазкур хонада Ҳиндистон тарихи, адабиёти, урф-одат ва анъаналарига оид китоблар, қўлланмалар, расм, фото ва видеоманбалар мавжуд. Шунингдек, яқинда институтимиз делегацияси Ҳиндистонда бўлиб, Субхарти ва Мангалам университетлари фаолияти билан танишди, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, ёзги мактаблар ташкил этилишини кўзда тутувчи шартномалар имзолаб қайтди.

Ўтган йилнинг аҳамиятли воқеаларидан бири — қўшма таълим дастури доирасида Қозон федерал университетининг Набережние Челни институтида таҳсил олган талабаларимизнинг диплом ҳимояси бўлди.

Институт профессор-ўқитувчиларининг чет элдаги кўплаб олий ўқув юртларида маъруза қилиши одатий ҳолга айланиб бормоқда. Вакилларимиз Чехия табиий фанлар университети, Болонья университети, Қозон федерал университети, Жанубий Қозоғистон давлат университети каби нуфузли олий ўқув юртлари талабаларига маъруза қилди. Ўтган йилнинг ўзида 80 нафарга яқин профессор-ўқитувчи ва талабамиз малака ошириш, стажировка ўташ, тажриба алмашиш ва маъруза ўқиш учун хорижда бўлиб қайтди.

Ўз навбатида, ўтган йили АҚШ, Германия, Жанубий Корея, Словакия, Туркия, Чехия, Малайзия, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон олий таълим муассасаларидан 100 нафарга яқин профессор-ўқитувчи талабаларимизга семинар-тренинг, маъруза, амалий машғулот ва маҳорат сабоқлари ташкил этиш учун институтимизга ташриф буюрди.

Халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш учун турли лойиҳа ва грантларда фаол иштирок этяпмиз. Жумладан, Европа Иттифоқининг “Эрасмус+” дастури доирасида Чехия табиий фанлар университетининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари институтимизга келиб, талабаларга сабоқ берган бўлса, НамМҚИ делегацияси Чехияда бўлиб, ушбу университет талаба-ёшлари билан учрашди ва маърузалар ўқиди. Мазкур дастур доирасида институтимиз вакили Испаниянинг Гранада университетида малака ошириб қайтди.

Турли халқаро форум ва анжуманлар ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкам йўлга қўйиш имконини беради. Ўзбекистон — Россия, Ўзбекистон — Буюк Британия таълим форумлари, Ўзбекистон — Жанубий Корея ректорлар форуми каби тадбирларда иштирок этиш бу борада муҳим силжишларга эришишга хизмат қилади.

Халқаро ҳамкорлик йўналишидаги бу каби натижалар институт мақоми ва мавқеини мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнамоқда. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Британия Кенгаши билан ҳамкорликда Change Academy Higher Education for employability дастури доирасида олий таълим муассасаларида таълим сифатини оширишга йўналтирилган лойиҳа учун танловда институт жамоаси ғолиб бўлди. Жамоага жорий йил 4-6 июль кунлари Буюк Британиянинг Кееле университетида ташкил этиладиган халқаро конференцияда қатнашиш имконияти берилди. 

НамМҚИ олий таълим муассасаларининг нуфузли халқаро рейтинги ҳисобланган Times Higher Education агентлигининг 2022 йил учун Impact рейтингида 110 та давлатдан 1500 дан ортиқ университет ўртасида муносиб ўрин эгаллади ва шундай натижани қўлга киритган Ўзбекистон ОТМлари 30 талигига кирди.

Ушбу агентликнинг World University Rankings рейтингида эса “репортёр” мақомида қайд этилди ва топ-1000 талик рейтингдан жой олиш учун даъвогарлар рўйхатига қўшилди.

Институтимиз жамоаси бу ютуқлар билан кифояланиб, ҳаракатдан тўхтаб қолиш ниятида эмас. Олдимизга истиқболли режалар қўйилган ва катта марралар олинган. Юртимизда олий таълим соҳасига берилаётган эътибор ва кўмак ушбу режаларни тўла-тўкис амалга ошириш имконини беради.

Шарифжон ЭРГАШЕВ,

Наманган муҳандислик-қурилиш институти ректори