Мулоқот давомида сўнгги йилларда икки томонлама парламентлараро ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани таъкидланди. Ўзбекистон ва АҚШ парламентлараро алоқаларни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, тажриба алмашиш масалалари муҳокама этилди.
Томонлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий, молиявий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш муҳим эканига урғу беришди.
Хусусан, минтақалараро муносабатлар, иқтисодиёт ва туризмни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш, аёлларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш, гендер тенгликни таъминлаш, коррупцияга қарши курашишда ва қонун ижодкорлиги фаолиятида ўзаро тажриба алмашиш масалалари кўрилди.

Таъкидлангандек Ўзбекистон ва АҚШ парламентлари аъзолари ўртасида икки томонлама мулоқот тобора фаоллашиб бормоқда. АҚШ Конгрессининг “Очиқ дунё” дастури доирасида Олий Мажлис палаталари делегацияларининг АҚШга ва Конгресс вакиллари эса бизнинг мамлакатимизга хизмат сафарларига келишган.
Бу борадаги ишларни давом қилиш мақсадида дунёдаги эпидемиологик вазият барқарорлашгандан сўнг, “Очиқ дунё” дастури доирасида Олий Мажлис вакилларининг АҚШга танишув сафарларини ташкил қилиш юзасидан фикр амлашилди.
Учрашув давомида томонлар ўзаро ҳамкорликнинг бошқа масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати