Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева Навоий вилоятида бўлиб, бир қатор тадбирларда иштирок этди. Дастлаб Сенат раиси Қизилтепа тумани тиббиёт бирлашмасида яратилган шароитлар билан танишди ва бир гуруҳ тиббиёт ходимлари билан суҳбатлашди. Шунингдек, тумандаги «Гулзор» маҳалласининг янги биноси очилиши маросимида ҳам қатнашиб, аҳоли билан мулоқот қилди.

Навбаҳор туманининг «Навкар» маҳалласида ташкил этилган мулоқотда фуқаролар йиғини раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоллари, фуқаролар билан суҳбатлашди ва сумалак сайлида ҳам иштирок этди.

Олий Мажлиси Сенати раисининг навбатдаги манзили Навоий кон-металлургия комбинати бўлди ва бу ерда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича тарғибот тадбири ўтказилди.

Танзила Нарбаева Конституцион ислоҳотнинг моҳиятига тўхталиб ўтар экан, уй-жой масаласи, фуқаролик паспорти бериш тартибидаги имтиёзлар, ҳорижий давлатларга чиқиш, ўқиш ва ишлашдаги енгиликлар, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, ижтимоий муҳофаза, бошқа давлатлар билан қўшничилик алоқалари, шунингдек, чегараларимизнинг очиқлиги, турли миллат ва элат вакилларининг Ўзбекистон фуқароси сифатида эмин-эркин, ўз тили, эътиқоди ва қадриятлари билан ҳамоҳанг ҳаёт кечиришини эътироф этиб, бош қомусимизга киритилаётган ўзгаришлар бу имкониятларни қонун билан янада мустаҳкамлаб беришини таъкидлади.

Жараёнда Олий Мажлис Сенати раиси Навоий шаҳридаги Фарҳод маданият саройида бўлиб, у ердаги тўгараклар фаолияти, комбинат тарихи ва бугуни, меҳнаткаш жамоанинг йиллар давомида эришган ютуқлари акс этган музей билан ҳам танишди. Навоий шаҳридаги хусусий мактаб имкониятларини кузатар экан, нодавлат таълим муассасалари сонини ортаётгани таълим сифатига ижобий таъмир этаётгани, иш ўринлари яратилишида омил эканлиги, асосийси, ушбу муассасасаларни давлат етарлича қўллаб-қувватлаши ва бу 30 апрелдаги референдумдан сўнг ўзинингмустаҳкам қонуний ҳимоясига эга бўлишини таъкидлади.

Бош қомусимизда таълим ислоҳотини такомиллаштиришга оид қатор нормалар киритилиши кўзда тутилган. Мақсад педагоглар фаолияти, шаъни, моддий имконияти ҳамда ёшларга яратилаётган кўпгина имтиёзлар орқали таълим сифатини оширишдир.  Ўқитувчининг кўп вақтини самарасиз исроф қиладиган ортиқча қоғозбозлик ҳамда мажбурий меҳнатнинг бекор қилиниши қонун орқали асослаб қўйилса бу албатта фақат ижобий натижани беради. Навоий давлат Пдегогика институтида Олий Мажлис Сенати раисининг педагоглари ва талабалари билан ташкил этилган учрашувида ана шу жиҳатлар эътироф этилди.

Шунингдек, ташриф давомида Танзила Нарбаева Навоий вилояти фаоллари ва депутатлар билан учрашди. Конституциядаги ўзгаришларнинг моҳиятини халққа етказишда ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш, инсон қадри давлат ривожланишининг асоси бўлиши янгиланаётган Конституциянинг асосий мақсадини ифода этиши ҳаётий мисолларда айтиб ўтилди. Самимий руҳда ўтган мулоқотда вилоят фаоллари ва депутатлари ҳам фикр-мулоҳазаларини билдириб, халқ муаллифлигида янгиланаётган Конституциямиз давлатимизда инсонпарварлик, фаровонлик ва тинчлик йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси эканлигини эътироф этишди.