Учрашувда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ислоҳотларнинг бориши, мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқларини модернизациялаш ва рақобатбардошлигини оширишнинг стратегик йўналишлари, давлат бошқаруви тизимини мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббусларини ҳаётга татбиқ этиш ва мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳамда халқ фаровонлигининг изчил ошириб борилишини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида сўз юритилди.
Бундан ташқари, мамлакатнинг инвестициялар жалб этувчанлигини ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, шунингдек, Ўзбекистон имижи ва парламентнинг ролини ошириш, маҳаллий ва халқаро даражаларда ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама этилди.
Сума Чакрабарти амалга оширилган ишлар ва Ўзбекистон иқтисодиётининг ижобий кўрсаткичларини юқори баҳолади, шунингдек, мамлакат раҳбарияти ислоҳотларни давом эттиришга қатъий бел боғлаганини таъкидлади.
Учрашув иштирокчилари иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик бўйича белгиланган вазифаларни биргаликда амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати