Жорий йилда мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётида катта сиёсий воқеа – Президентлик сайлови бўлиб ўтади. Бу муҳим жараёнда сиёсий партиялар ва ОАВ, фуқароларнинг фаоллиги сайловларни демократик, очиқ-ошкора ўтказилишида асосий омил бўлиб хизмат қилади.

Шу мақсадда жорий йилнинг апрель-май ойларида сайлов жараёни иштирокчиларининг малакасини оширишга қаратилган семинар-тренинглар ўтказилган эди.

Ҳудудий тренерлар томонидан Каттақурғон шаҳридаги намунавий сайлов участкаларида ҳам комиссия раиси, раис ўринбосари ва котибликка номзодлар учун ўқувлар ташкил қилинди.

Шунингдек, сайлов кунига қадар шаҳар ва туманларга бириктирилган ҳудудий тренерлар томонидан намунавий сайлов участкаларида кичик гуруҳларда яна июнь-сентябрь ойларида интерактив усулларда ўқувлар ташкил қилиниши режалаштирилган.

Каттақурғон шаҳрига ташриф буюрган Олий суд раисининг биринчи ўринбосари – маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Рабохон Махмудова 11-ихтисослашган Давлат умумтаълим мактабида ташкил этилган намунавий сайлов участкасида бўлди. Шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова ва сектор раҳбарлари иштирокида ўқувларни ўтказиш учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Танишиш асносида ўқувларни ташкил қилишни, ўқувларда иштирок этувчилар учун қулай шароитларни яратишга эътибор қаратиш лозимлиги юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди, дея хабар беради Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.