Қарорлар мазмуни билан яқиндан танишар экансиз, уларда олий таълим муассасалари учун турли йўналишларда берилаётган эркинликлар, уларнинг академик ва ташкилий-бошқарув тизимидаги мустақиллигини таъминлаш йўналишида қўйилаётган вазифалар, мавжуд айрим муаммолар ечими бўйича аниқ чора-тадбирлар мавжудлиги олий таълим муассасалари ваколатининг кенгайишига, фавқулодда қарорлар қабул қилиш ва пировардида олий таълим муассасаси фаолиятининг ривожланишига асос бўлади.
Молиявий, академик ва ташкилий-бошқарув тизимида мустақиллик берилаётган олий таълим муассасалари учун нафақат катта ишонч, балки улкан масъулият ҳамдир. Аввалги тизимдан фарқли равишда, қарорларда белгилангани каби, ҳар бир амалга оширилаётган ислоҳот замирида таълим сифатининг ошиши, иқтисодиёт тармоқлари учун малакали ва рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш масаласи асосий устувор вазифа бўлмоғи лозим.
Олий таълим муассасаси хусусиятидан келиб чиқиб, бозор талаблари асосида кадрлар тайёрлашда ўқув жараёни учун меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, таълим олиш шаклини белгилаш, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари учун таълим давомийлиги муддатларини белгилаш, магистратура босқичида таълимнинг сиртқи, масофавий ва кечки шаклларини жорий этиш, таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича қўшмалака, шу жумладан, амалий малака бериш тизимини жорий қилиш, ўзаро келишувлар асосида олий таълим муассасалари билан академик мобилликни амалга ошириш, олий таълим муассасаси ва унинг тузилмасидаги таълим муассасалари учун ўз грифи асосида дарсликлар ҳамда бошқа ўқув ва илмий адабиётларни нашр этиши бўйича берилаётган академик мустақиллик шу йўналишдаги ишларнинг ривожига тўсиқ бўлаётган бюрократик амалиётдан воз кечишга ва жараённинг мувофиқлаштирилишига олиб келади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш таълим ислоҳотлари орқали амалга оширилади. Бу эса, ўз навбатида, яратилаётган шароитдан руҳланиш билан бирга, катта масъулият экани ва унга муносиб бўлиш лозимлигини унутмаслигимиз керак. Олиб бораётган фаолиятимиз натижадорлиги ва самарадорлигини оширишда, ўз соҳасининг етук мутахассисларини тайёрлашда собитқадамлик билан ҳаракат қилишимиз шарт. Зеро, куни кеча қабул қилинган қарорлар ва унда белгиланган вазифалар фаолиятимизда дастуруламал бўлиб хизмат қилади.
Икромжон РАҲМОНОВ,
Тошкент далат техника университети
электр таъминоти кафедраси мудири