Маълумки, жорий йилнинг 13 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти, Миллий Олимпия қўмитаси раиси Шавкат Мирзиёев бошчилигида олимпия ва паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди.
Мазкур йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан «Соғлом инсон – соғлом миллат» ғояси умуммиллий ҳаракатга айлантирилиши таъкидланиб, олий таълим муассасалари талабалари ва ходимларининг спорт билан шуғулланишларини янги босқичга олиб чиқиш белгиланган эди.
Шу мақсадда бугун Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида Олий таълим, фан ва инновациялар ҳамда Спорт вазирликлари ҳамкорлигида пойтахтимиздаги олий таълим муассасалари ходимлари ўртасида спортнинг мини футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат-шашка ҳамда киберспорт тури бўйича «Ҳамкорлик кубоги» ўтказилди.
«Долзарб 90 кун» лойиҳаси доирасида ташкил этилган ушбу беллашувлар Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Тошкент давлат юридик университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ходимлари ўртасида кечди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Камилов кириш сўзи билан очиб бериб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
Умуман, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида таълим-тарбия, ўқув жараёнлари билан бир қаторда спорт соҳасига ҳам катта эътибор берилмоқда. Жумладан, 10 га яқин спорт тўгараклари талабалар ихтиёрида. Ҳафтанинг ҳар шанба куни Академия ректори бошчилигида эрталабки бадантарбия машғулотлари ўтказилиши эса яхши анъанага айланган.
Шунингдек, жорий йилнинг 26 май санасида илк маротаба «Спорт – тинчлик элчиси» шиори остида ўтказилган «Имом Мотуридий кубоги» спорт мусобақалари ҳам юқори кайфиятда бўлиб ўтганини таъкидлаш жоиз.
Ушбу нуфузли спорт фестивальида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси билан бир қаторда Академия қошидаги академик лицей, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби ҳамда Имом Термизий номидаги Термиз ислом институти талабалари ҳам иштирок этди.
Мусобақа доирасида Академия профессор-ўқитувчилари, ходимлар ҳамда талабалари орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан бир қанча меморандум ва келишувлар имзоланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси, Ўзбекистон соғлом турмуш тарзи ва фитнесс миллий ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон давлат хореография академияси билан Ҳамкорлик келишувлари имзоланди.
Шунингдек, жорий йилнинг 19 апрель куни эса Академия ва Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси, Ўзбекистон Волейбол федерацияси, Ўзбекистон Велоспорт федерацияси, «Cйбер-БРО» киберхавфсизлик компанияси ҳамда «ГИТА» дастурчилар академияси ўртасида Ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Албатта, бу каби ҳамкорлик алоқалари талаба-ёшларга нафақат ўз саломатликларини мустаҳкамлашга, шу билан бирга, жамиятда соғлом турмуш тарзи шаклланишига ёрдам бериши шубҳасиз.
Ана шу ишларнинг мантиқий давоми сифатида ўтказилган «Ҳамкорлик кубоги» эса янги ўқув йили олдидан ходимлар ўртасида кўтаринки кайфият, дўстона муносабатлар шаклланишига хизмат қилди.
Мусобақалар соғлом рақобат, ўзаро ҳурмат ва дўстлик муҳити остида бўлиб ўтди.
Спортнинг футбол тури бўйича қизғин ва муросасиз кечган баҳслар якунида 3-ўрин Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси жамоасига, 2-ўрин эса Тошкент давлат юридик университетига насиб этди. Ғолибликни Тошкент давлат иқтисодиёт университети қўлга киритди.
Волейбол баҳсларида эса шоҳсупани Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси вакиллари эгаллади
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси
Матбуот хизмати