Ушбу ҳуқуқларни рўёбга чиқариш ва уларга риоя этилишини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 42-моддаси ҳар бир фуқаронинг хавфсиз меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқини кафолатлаб, иш берувчиларга ушбу талабларни бажариш мажбуриятини юклайди. Меҳнат муҳофазасини таъминлаш мақсадида қабул қилинган миллий қонунлар ва халқаро меҳнат ташкилотлари тамойиллари ушбу ҳуқуқларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Олий таълим муассасаларида меҳнатни муҳофаза қилиш ва муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш олий таълим тизимининг барқарор фаолият юритишининг ажралмас қисми ҳисобланади. Олий таълим муассасалар анъанавий равишда ишлаб чиқариш учун хавфли ташкилотлар қаторига кирмаса-да, педагогик ва илмий меҳнатнинг ўзига хос хусусиятларини етарлича баҳоламаслик ходимларнинг саломатлигига ҳам, таълим жараёнининг сифатига ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Олий ўқув юртларида меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолатини ҳар томонлама кўриб чиқишда меъёрий асосдан ва меҳнатни муҳофаза қилиш хизматларини ташкил этишдан тортиб, долзарб муаммолар, касб касалликлари ҳолатлари, профилактика қилиш йўналишларини таҳлил қилиш муҳим ахамиятга эга. Меҳнат хавфсизлигини таъминлашда давлат, касаба уюшмалари ва ўқув юртларининг меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати мутахассисларнинг ролларига алоҳида эътибор қаратилади.

Меҳнат муҳофазасини таъминлаш учун ишлаб чиқилган бир нечта қонун ва меъёрий ҳужжатлар мавжуд. Ўзбекистон Республикасида меҳнат муҳофазаси бўйича асосий ҳуқуқий ҳужжат “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун бўлиб, ушбу қонуннинг мақсади меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Шунингдек, барча иш берувчилар ходимларни хавфсизликни таъминлашга маъсул ҳисобланади. Олий ўқув юртларида талабалар ва ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун меҳнат хавфсизлиги соҳасида ишлаб чиқилган турли меъёрий ҳужжатлар, махсус қўлланмалар ва хавфсизлик қоидалари риоя этилишни доимий назоратга олиниши лозим.

Ўзбекистон Республикаси “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддасида ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи, ходимларининг сони эллик киши ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини таъминлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилиши ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли тайёргарликка эга бўлган мутахассис лавозими жорий этилиши белгиланган. 

Олий таълим муассасаларида меҳнатни муҳофаза қилишни ташкил этиш Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланган Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати тўғрисидаги намунавий низомлар билан ҳам тартибга солинади. Ушбу ҳужжатлар ихтисослаштирилган хизматларни ташкил этиш ёки масъул мутахассисни тайинлаш тартибини белгилайди, шунингдек, уларнинг вазифаларини, жумладан меҳнат шароитларини баҳолаш, хавфсизлик қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш, ходимларни ўқитиш ва назорат органлари билан ҳамкорлик қилишни аниқлаб беради.

Бундан ташқари, Ўзбекистон касаба уюшма ташкилотлари ҳам ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқитишни ташкил этиш ҳамда профилактика ишларини кучайтиришда муҳим рол ўйнайди. Улар олий ўқув юртларида меҳнатни муҳофаза қилиш талабларининг бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб борадилар. Текширувлар якунлари бўйича тавсиялар берадилар, қоидабузарликлар аниқланган тақдирда эса иш берувчи ва давлат органларига мурожаат қиладилар. Касаба уюшмаларининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида фаол ва самарали ишлаши, ходимларнинг соғлигғи ва хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Шу билан биргаликда, Олий ўқув юртлари, талабалар, ўқитувчилар ва илмий ходимлар учун нафақат таълим жараёнини, балки турли амалий машғулотлар, илмий тадқиқотлар, лаборатория ишларини бажаришни ўз ичига олган, мураккаб ва кўп қиррали фаолиятни талаб қилади. Бу жараёнлар эса хавфсизликни таъминлаш, соғлиқни сақлаш ва меҳнат муҳофазаси соҳасида аниқ чораларни амалга оширишни талаб қилади.

Шу ўринда, кўпчилик олий таълим муассасалари қатори Тошкент давлат юридик университетида хавфларнинг олдини олиш, ходимларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш ва қонунчилик талабларига риоя этишга қаратилган меҳнатни муҳофаза қилишнинг тизимли тузилмаси мавжуд. Университетда фуқаро ва меҳнат муҳофазаси бўлими томонидан ходимлар ўртасида меҳнат муҳофазаси маданиятини ривожлантириш мақсадида бир қанча ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Шунингдек, университетда ходимларни фавқулодда вазиятларда (ёнғин, зилзила ва бошқалар) ҳаракат қилиш бўйича Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутахассислари иштирокида 3 маротаба қўшма машғулотлар ўтказилди. Шунингдек, университет билан тузилган ҳамкорлик шартномаси асосида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология хизматлари хоналарнинг, талабалар турар жойлари ва ошхоналарнинг санитария меъёрларига мувофиқлигини мунтазам равишда текшириб туради.

Тошкент давлат юридик университетида 2025-йилнинг январь-июнь ойлари давомида мехнат мухофазаси ва хавфсизлиги, бахтсиз ходисалар ва касалликларни олдини олиш йўналишидаги амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб тегишли маъсул ташкилотларга ҳисоботлар тақдим этилиб келинмоқда.

Ходимлар дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказилиб келинмоқда. Биргина 2024-йилда тиббий кўрикни ўтказувчи тиббий даволаш-профилактика муассасасига тақдим этилган, 196 нафар ходимдан 147 нафари тиббий кўрикни ўтган бўлса, жорий йил 6 ой давомида 68 нафар ходимлар тиббий кўрикдан ўтишди. Меҳнат шароити тунги ишлар билан боғлиқ ишларда банд бўлганлар 10 нафар ходимлар ва 10 нафар ногиронлар ҳам меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси бўйича тушунтиришлар берилган. Бахтсиз ҳодиса, меҳнат жарохати билан боғлик ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишлари билан боғлик ҳолатлар бўлмади.

Албатта, ўз навбатида, Олий ўқув юртларида хавфсиз меҳнат муҳитини яратиш ўқув жараёнининг самарадорлигини оширади, ходимлар ва талабалар орасида ижобий психологик муҳитни шакллантиради, шунингдек, жисмоний ва руҳий ҳолатни барқарорлаштиради.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, замонавий жамиятда инсон меҳнати энг муҳим ижтимоий-иқтисодий бойликлардан бири ҳисобланади. Ҳар қандай ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш жараёнининг барқарорлиги, самарадорлиги баробарида инсон саломатлигини сақлаб қолиш меҳнат муҳофазаси билан чамбарчас боғлиқдир. Иш жойларида хавфсизлик ва қулайлик яратиш нафақат ходимлар саломатлигини сақлашга, балки меҳнат самарадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади. Олий ўқув юртларида меҳнат муҳофазаси соҳасидаги камчиликлар, эҳтиёткорликнинг етишмаслиги ёки хавфсизлик чораларига амал қилмаслик талабалар ва ходимларнинг соғлига зарар етказиши мумкин.

Айнан шу жиҳатдан меҳнат муҳофазасини ҳуқуқий маданият даражасига кўтариш бугунги кунда долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Меҳнат муҳофазаси ҳуқуқий маданияти бу фақатгина ходимнинг хавфсизлик қоидаларига амал қилиши эмас, балки меҳнат жараёнига онгли, эҳтиёткор ва масъулиятли ёндашуви, хавф-хатарларни олдиндан сезиш ва уларнинг олдини олиш қобилиятидир деб карашимиз керак. Шунинг учун ҳам меҳнат муҳофазасига юзаки муносабат билан караш жиддий муаммоларни келтириб чикаришини инобатга олиб, шахсий маьсулиятимизни оширишимиз лозим.

 

М. Ўразалиев,
ТДЮУ Касаба уюшмаси
раиси.

 

С.Турсунов,
ТДЮУ
Фуқаро ва меҳнат муҳофазаси бўлими муҳандиси