Учрашувда олий таълим тизимида охирги йилларда эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар, мамлакатимизда тизимни ривожлантириш борасидаги мавжуд имкониятлар, дуч келинаётган муаммолар ва уларнинг ечими, тезкор ҳал этилиши зарур бўлган топшириқлар ҳақида сўз борди.
Аввало, олий таълимга ёшларнинг қамров даражаси кескин ошгани нафақат давлат олий таълим муассасалари сони ортгани, балки яна янги икки турдаги таълим даргоҳлари — хорижий университетларнинг филиаллари ва хусусий университетлар ташкил этилишига яратилган имкониятлар билан боғлиқ.
Энг муҳим қадам сифатида олий таълим муассасаларига академик ва молиявий мустақиллик берила бошланганини эътироф этиш жоиз. Жумладан, 2019 йил охирида ҳукумат қарори асосида 10 та олий таълим муассасасига молиявий мустақиллик берилди. Улар орасида Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳам бор. Президентимиз қарори асосида университетимизда таълимнинг янги шаклларини йўлга қўйиш, ўқитувчилар малакасини ошириш маркази ҳамда бошқа илмий марказлар билан бир қаторда янги таълим йўналишлари ва мутахассисликлар очиш, уларнинг ўқув режа ва дастурларини ҳам мустақил ишлаб чиқиш ваколати берилди. Айниқса, хорижий университетлар билан қўшма таълим дастурларининг йўлга қўйилиши талабаларимизга бир пайтнинг ўзида иккита университетда ўқиш ва иккита дипломга эга бўлиш имконини берди. Хусусан, университетимизда Беларусь давлат университети, Корея Республикасининг Самёнг ва Кенгдон университетлари ҳамда Ҳиндистоннинг Гужарат университети билан биргаликда ишлаб чиқилган қўшма таълим дастурлари асосида ўқув жараёни ташкил этилди.
Қўшимча оширилган шартнома тўлови асосида университетга талабалар қамровини кенгайтириш имконияти берилгани моддийтехник базани мустаҳкамлашда катта роль ўйнамоқда.
Олий таълим тизимида ишлаётган профессорўқитувчиларнинг ойлик маоши оширилди. Бундан ташқари, талабалар ва ходимларни қўшимча рағбатлантириш механизмлари ишлаб чиқилди. Жумладан, давлат стипендияларидан ташқари ректорларга стипендия ва мукофотлар белгилаш ваколати берилди. Бу, албатта, ёшларнинг илмийижодий фаолиятини, янги ташаббусларини қўллабқувватлашда ўзига хос мотивация бўлмоқда.
Йиғилишда олий таълим муассасалари раҳбарлари учун тўрт устувор вазифа белгилаб берилди.
Улардан энг муҳими, кейингиларининг самарали бўлишини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этувчи вазифа — олий таълим муассасалари кенгашларининг бош қарувдаги ролини ошириш ва кафедралар ваколатини кенгайтиришдан иборат. Кафедра кучли, профессорўқитувчилар илмий салоҳияти юқори бўлса, янгиданянги ғоялар юзага келади. Уларни амалиётга жорий этиш имкони ошади. Шу нуқтаи назардан университет кенгашининг ролини ошириш, айниқса, кўп ваколатларнинг мазкур кенгашга берилиши айнан олий таълим муассасалари мустақиллигини оширишнинг асосий омилларидан бири бўла олади.
Ўқув режа ва адабиётлар, фан дастурларини жорий этиш, профессорўқитувчилар ўқув юкламасини, йўналишидан келиб чиқиб, таълим шаклларини (кундузги, кечки, сиртқи, масофавий) белгилашни олий таълим муассасаси бошқарув кенгашининг ўзи ҳал қилиши катта янгилик.
Соҳада юзага келган ҳар қандай масалани тегишли малакага эга, юқори билимли ва салоҳиятли мутахассислар ҳал этади. Президентимиз томонидан қўйилган навбатдаги долзарб вазифа, бу — таълим жараёнини бозор талабларига мослаштириб, ишлаб чиқариш билан узвийлигини таъминлаш ва талабанинг ўз устида ишлаши учун қулай муҳит ва шароит яратиш масаласи бўлди. Мавжуд таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини қайта кўриб чиқиш, шунингдек, касблар классификаторини ҳам замонавий талабларга кўра қайта ишлаб, битирувчилар ва улар ишлайдиган касбларга мувофиқлигига эришиш зарурлиги белгилаб берилди. Ҳақиқатан ҳам, тез ривожланиб ва жаҳонга интеграцияси кенгайиб бораётган Ўзбекистон меҳнат бозорида кун сайин янги касблар пайдо бўлмоқда. Бироқ улар мавжуд классификаторларга киритилмай, мутахассис тайёрловчи таълим даргоҳлари билан ҳамкорликда янгиланмаяпти. Ушбу долзарб вазифани бажариш келгусида ёшларни мақсадли тайёрлашдан ташқари, уларнинг ўз фаолиятини режалаштиришида ҳам муҳим омил бўлади.
Олий таълим даргоҳининг бир қаноти таълим бўлса, иккинчи қаноти тарбия, пойдевори илмфандир. Илмий асоси бўлмаган масалани ижобий ҳал этиш имконсиз. Шу боис, олий таълим муассасалари илмий салоҳиятини ошириш, илмфан ютуқларини амалиётга жорий этиш учун инновацияларни ривожлантириш долзарб масалалардан бўлиб қолмоқда. Жумладан, шарқшунослик соҳасининг кўплаб тармоғи бўйича илмий даражали кадрлар тайёрлашга охирги икки йилда янги талабларга мос саъйҳаракат кузатилди. Бу борада, Президентимиз белгилаб берганидек, ҳар бир кафедранинг камида икки хорижий олий таълим муассасаси кафедраси билан ҳамкорлигини таъминлаш, илмийуслубий ишлардаги алоқаларни чуқурлаштириш, биргаликда илмий нашрларни кўпайтириш самара беради. Айниқса, айнан шундай илғор кафедраларга ажратиладиган докторантура квоталарининг оширилиши кафедралараро соғлом илмий рақобатни ҳам мустаҳкамлайди. Масалан, шарқшунослик бўйича охирги икки йилда жуда кўп нуфузли хорижий университетлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Уларнинг ҳар бири билан кафедралар бўйича алоҳида режали иш олиб бориш, айниқса, ёшларни бунга кўпроқ жалб этиш муҳим. Айнан мана шу йўналишдаги ишларимизни ривожлантириш халқаро нуфузли рейтингларга кириш йўлида муҳим қадам бўлади.
Ёш олимларни чет элнинг нуфузли олий таълим муассасаларига стажировкага юбориш орқали илғор хорижий илмий натижалар ва умуман, янги тажрибалардан хабардор бўламиз. Айниқса, илмий фаолият ютуқларини ҳаётга, тегиш ли соҳаларга, ишлаб чиқаришга жорий этишда хорижий тажриба ҳам ўрганилади. Бу билан кафедраларга даромад топиш учун барча шароит яратилади.
Бугунги кунда тўсиқ бўлаётган бюрократия ва қоғозбозликни камайтиришда олий таълим тизимида рақамлаштириш, электрон ҳужжат алмашуви, барча фаолиятни қамраб олган катта электрон базаларни яратиш ва мунтазам ишлатиш зарур. Ҳозир олий таълим муассасаларида йўналишлар бўйича бир қатор электрон дастурлар, базалар ишлатилмоқда. Уларни оптималлаштириш, университет фаолиятини қулай ва самарали бошқариш учун ягона базани яратиш ва йўлга қўйиш айнан вақт менежментига ҳам ижобий таъсир этади. Айниқса, турли шакл ва жадвалларни қайтақайта тўлдириш ва турли сўровларга тинимсиз жавоб бериш ўрнига кафедра ва таркибий бўлинмаларда натижага йўналтирилган фаолият билан шуғулланиш имконияти ошади.
Бугунги кунда Президентимиз томонидан олий таълим муассасалари раҳбарлари олдига қўйилган энг муҳим талаб — ватанпарвар бўлиш. Бунинг замирида катта маъно борлигини ҳар биримиз чуқур масъулият билан ҳис этишимиз шарт. Ўз соҳамизнинг келажаги олдида масъуллигимизни бир дақиқа ҳам унутмаслигимиз зарур. Жамоасини яхлит оиладек тасаввур қилиш ва ўзидан яхши ном қолдириш учун масъул бўлган ҳар бир раҳбар ишониб топширилган вазифани сидқидилдан бажарсагина Ватанга садоқатини намойиш эта олади. Давлатимиз раҳбари олдимизга қўйган вазифаларни тўлиқ адо этиш университетимиз ва умуман олий таълимда кескин бурилиш ва ривожланиш сари муҳим қадам бўлади, деб ишонаман.
Гулчеҳра РИХСИЕВА,
Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори,
Республика олий таълим кенгаши аъзоси