Жумладан, вазир талабалар ошхонасидаги шароитлар билан танишиб, талабаларга таълим-тарбия бериш билан бир қаторда, уларнинг ўзини-ўзи ривожлантиришлари учун яратилаётган шарт-шароитлар юзасидан фикр алмашди.
Куннинг биринчи ярмида вазир 50 нафар ёши 50 ундан юқори ёшдаги профессор-ўқитувчилар билан учрашди.
Учрашувда Абдуқодир Тошқулов профессор-ўқитувчилардан талабаларга нисбатан қатъият, шу билан бирга устозларча меҳр билан муносабатда бўлиш, улар билан самимий мулоқот қилиш, ёшларни тинглашни, талабаларга ўз имкониятларини намоён қилишда ёрдам беришни сўради. Ўз навбатида вазир соҳадаги фидойи педагоглар меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва уларнинг заҳматли меҳнати эътироф этилишини таъминлашда барча ресурслар ишга солинишини таъкидлади.
Абдуқодир Тошқуловнинг 35 ёшгача бўлган 35 нафар ёш тадқиқотчилар билан учрашуви қизғин баҳс-мунозарага бой бўлди. Ёш олимлар томонидан илмий тадқиқот ишлари билан шуғулланишдаги муаммолар, хусусан, илмий тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этишдаги қийинчиликлар тўғрисидаги фикрлар очиқ баён қилинди.
— Дунёнинг кўплаб давлатларида маъруза ва илмий конференцияларда иштирок этиш юзасидан хизмат сафарига борган бўлсак, кузатишимизча, айрим постсовет давлатлари олий таълим тизимида коррупция муаммоси сақланиб қолган. Бу бўйича охирги йилларда кўп ишлар амалга оширилди, лекин тизимда коррупция буткул йўқолди деб айта олмаймиз, — деди Абдуқодир Тошқулов. — Шундай экан, ОТМда бу балога қарши муросасизлик муҳитини кучайтиришимиз, бунда сизга ўхшаган ёш олимлар ва талабалар, бутун жамоа биргаликда ишлаши керак.
Ёш олимлар билан учрашув сўнгида вазир томонидан ўз диссертацияларини муддатидан олдин ҳимоя қилган 2 нафар докторантга 87,6 млн. сўм ва 43,8 млн. сўм миқдоридаги стипендия сертификатлари тақдим этилди.
— Давлатимиз раҳбари томонидан олий таълим тизими олдига катта вазифалар қўйилди ва соҳада ўзгариш қилиш қўллаб-қувватланмоқда. Олий таълимда ўзгариш бўлади, бунинг учун бор куч ва ресурсларни ишга соламиз, — дея қайд этди вазир. — Фақат бу ўзгаришларни кимлар билан қиламиз, албатта, сизга ўхшаган билимли ва кучга тўлган ёш олимлар билан.