Ярмарка доирасида илм-фан ва инновацион технологиялар маҳсулотлари кўргазмаси ҳам намойиш қилинди.
ОКМК Маҳаллийлаштириш дастури ижроси асосан Марказий таъмирлаш механика заводи, Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бўйича Илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳамда Рух заводи томонидан амалга оширилади. 2021 йилда маҳаллийлаштириш Дастурига асосан 87 та лойиҳа доирасида 217,2 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, режа 134,6 фоизга бажарилган.
Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида маҳаллийлаштириш Дастури доирасида 222,7 млрд. сўмлик маҳсулот тайёрланиб, режа эса 130% га бажарилди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 149,7 фоизни ташкил этди.
Импорт маҳсулотлари ҳажмини мақбуллаштириш бўйича тармоқлараро саноат кооперацияси алоқаларини кенгайтириш натижасида ҳисобот даврида 65,2 млн долларга импорт ҳажмлари қисқартирилди. Йил якунига қадар эса 88,1 млн долларга қисқартирилиши кутилмоқда.
Илм-фанни ишлаб чиқаришга интеграцияси натижасида ОКМКда бир қатор янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига эришилди. Жумладан, 2019 йилда палладий, 2021 йилда рений, 2022 йилда молибден металли соф ҳолда олинди. 2022 йилнинг июль ойида эса платина металлини ишлаб чиқариш технологияси учун муаллифлик ҳуқуқи қўлга киритилди. Бугунги кунда ОКМК 7 та маҳсулот ишлаб чиқариш технологиясига оид муаллифлик ҳуқуқини қўлга киритган.
Ярмаркадан кўзланган мақсад маҳаллий тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчиларни қўшма лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш, саноат кооперациясини ташкил этиш ва ички бозорда юқори талабга эга бўлган маҳсулотларни маҳаллийлаштиришни йўлга қўйишдир. Ярмарка ўз ишини 12 октябрь куни ҳам давом эттиради, деб хабар беради ОКМК Ахборот хизмати.