Жорий йилнинг 14 апрель куни «Амир Темурнинг Чоч ва Илоқдаги фаолияти даврида кончилик ва маъданчилик» мавзусида Республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Фанлар академияси, Халқаро Амир Темур жамоат фонди ҳамда ОКМК ҳамкорлигида ташкил этилди.
Анжуманда мамлакатимиздаги етакчи олимлар, зиёлилар, давлат ва жамоат арбоблари, олий таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда санъат ва маданият вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов таъкидлаганидек, бугунги кунда Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланмоқда.
— Буюк аждодимиз Амир Темур мустақиллик рамзидир. Унинг меросини ўрганиш, тўғри ва холис тарғиб қилиш — бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири. Айниқса, тарихий манбалардаги камчилик ва хато талқинларни бартараф этиш учун илмий ёндашув зарур, — деди Отабек Ҳасанов.
Шунингдек, у Темурийлар тарихи давлат музейи реконструкция қилиниб, замонавий технологиялар асосида янгилангани, бу эса миллий ғурурни оширишда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
Анжуман доирасида олимлар томонидан тақдим этилган маърузаларда Чоч (ҳозирги Тошкент воҳаси) ва Илоқ (Оҳангарон водийси) ҳудудлари Амир Темур даврида стратегик ва иқтисодий жиҳатдан муҳим марказлар бўлгани таъкидланди.
Тарихий манбаларга кўра, мазкур ҳудудларда олтин, кумуш, мис ва қўрғошин каби маъданлар кенг кўламда қазиб олинган. Айниқса, Оҳангарон тоғ тизмаларидаги конлар Самарқанддаги зарбхоналар учун асосий хомашё манбаи бўлган.
Филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Дадабоев анжумандаги чиқишида шундай деди:
— Амир Темур даврида маъданчилик ва ҳунармандчилик юқори босқичга чиққан. Бу эса давлат иқтисодий қудратини таъминлашда муҳим омил бўлган. Айниқса, мисгарлик ва темирчилик соҳаларидаги ютуқлар ўша давр цивилизациясининг юксак даражасини кўрсатади.
Анжуманда иштирок этган тарихчи олимлар Амир Темур ҳақидаги маълумотларни илмий асосда қайта кўриб чиқиш, уларни халқаро майдонда тўғри тарғиб қилиш зарурлигини таъкидладилар.
Тарих фанлари доктори, профессор Абдухалил Мавруловнинг фикрича:
— Анжуманнинг айнан Олмалиқ шаҳрида ўтказилиши бежиз эмас. Бу ерда қадимдан маъданчилик ривожланган. Бугунги кунда ОКМКда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар эса ўша тарихий анъаналарнинг давомидир. Бу — тарих ва замонавий тараққиёт уйғунлигининг яққол намунаси.
Унинг таъкидлашича, бу каби тадбирлар ёшларда тарихга қизиқишни ошириш, миллий ўзликни англашни кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Анжуман иштирокчилари томонидан Амир Темур меросини инглиз ва бошқа хорижий тилларда кенг тарғиб қилиш, ижтимоий тармоқлар орқали ёшлар учун содда ва тушунарли контентлар яратиш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Бу орқали буюк аждодимиз ҳақидаги холис маълумотларни жаҳон ҳамжамиятига етказиш мақсад қилинган.
Тадбир давомида санъаткорлар томонидан ижро этилган қўшиқ ва тароналар иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади. Хусусан, Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Лутфуллаев ва ёш ижодкорлар чиқишлари катта олқишларга сазовор бўлди.
Шунингдек, анжуман иштирокчилари давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишга туширилган янги 3-мис бойитиш фабрикаси фаолияти билан ҳам танишдилар.
Мазкур анжуман нафақат тарихий меросни ўрганиш, балки уни замонавий тараққиёт билан уйғунлаштириш, миллий ғурур ва ифтихорни мустаҳкамлаш йўлида муҳим илмий ва маънавий платформа сифатида аҳамият касб этди.
Ҳамкорлик материали