Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Хабарда қайд этилишича, Андижон вилояти Хўжаобод туманида тезкор тадбир ўтказилди. Тадбир давомида «Дўстлик» чегара божхона пости яқинида Фарғона вилоятида яшовчи, 1994 йилда туғилган Т.Т. тўхтатилиб, унга тегишли хўжалик қопи холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Текширув натижасида қоп ичида бўлган уч дона темир қопламали автомобиль эҳтиёт қисмлари махсус техник воситалар ёрдамида бўлакларга ажратилганда, уларнинг ичига жами 7 килограмм 784 грамм олтин қуймалари яширилгани аниқланди.
Баҳолаш хулосасига кўра, мазкур олтин қуймаларининг умумий қиймати 12 миллиард 465 миллион 795 минг сўмни ташкил этган.
Аниқланишича, ушбу фуқаро Тошкент шаҳридан юборилган олтин қуймаларини Қирғиз Республикаси ҳудудида қабул қилиб олиши лозим бўлган шахсга юк автотранспорт воситалари ҳайдовчилари орқали, божхона назоратидан яширган ҳолда етказиб беришни режалаштирган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 182-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Тергов ҳаракатлари доирасида ушбу қимматбаҳо металлнинг ҳақиқий эгалари шахсини аниқлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.