Эътиборли жиҳатлардан бири шундаки, Ўзбекистон халқаро ҳуқуқий шартномалар талаблари асосида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маърузаларни доимий равишда тақдим этиб, инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги халқаро ҳужжатлар талабларига сўзсиз риоя қилиб келмоқда.
Шунингдек, мамлакатимиз БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт Дастури, ЭХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалар Координатори, Халқаро меҳнат ташкилоти, Ўзбекистондаги Европа Иттифоқи делегацияси, ЮНEСКО, ЮНИСEФ, хорижий мамлакатларнинг элчихоналари, шунингдек қатор халқаро жамғармаларнинг ваколатхоналари билан инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида самарали ҳамкорлик олиб бормоқда.
Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилда тарихда биринчи маротаба уч йил муддат мобайнида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига аъзо 47 давлатдан бири сифатида сайланганлиги мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида муҳим илмий-амалий аҳамият касб этди.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш, 2017 – 2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида 2020 йил 22 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси қабул қилинди.
Ушбу Миллий стратегиянинг асосий вазифаларидан бири сифатида Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро рейтинглар ва индекслар (қонун устуворлиги, норма ижодкорлиги сифати, ҳукумат фаолияти самарадорлиги, сўз ва ахборот эркинлиги, жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш, бизнесни олиб бориш шарт-шароитлари, глобал рақобатбардошлик, инновацион ривожланиш ва бошқалар) бўйича дунёдаги 50 та етакчи мамлакатлар қаторига киришини таъминлаш белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 сентябрда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мазкур Фармонга асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институтининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича мустақил миллий институт сифатидаги аҳамияти янада оширилди.
Хусусан, Фармон билан “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини қайта кўриб чиқиш, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини бериш, Олий Мажлис палаталарининг Омбудсманнинг жойларда доимий асосда ишловчи минтақавий вакиллари лавозимларини жорий қилиш каби муҳим вазифалар белгиланди.
Мазкур Фармон ижросини таъминлаш мақсадида “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78, 83-моддаларига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Конституциясивий Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ҳозирда вазирлик ва идоралар билан келишилмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширган фаолияти таҳлили шуни кўрсатадики, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига ўтган йилда 15 минг 373 мурожаат келиб тушган. Парламент назорати субекти сифатида Омбудсман томонидан 7 мингдан ортиқ мурожаатлар ўз иш юритувига олинган.
Омбудсман томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан вазирлик ва идораларга 33 хулоса ва 15 тақдимнома киритилган. Бундан ташқари, судларга 44 даъво аризаси киритилган ва Омбудсман котибияти ходимлари судларда кузатувчи сифатида 86 маротаба иштирок этди.
Омбудсман қийноқларга қарши курашиш бўйича тизимли ишларни амалга ошираётганлиги ҳам эътиборлидир. Президентимизнинг 2021 йил 26-июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида Омбудсман томонидан Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳи билан биргаликда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 125-марта мониторинг ташрифи амалга оширилди. Ушбу муассасаларда сақланаётган маҳкумлар ва уларнинг қариндошлари томонидан Омбудсманга 2058 та мурожаат келиб тушди.
Мурожаатларнинг 574 таси суд ҳукмидан, 536 тасида суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатлари давомида қабул қилинган қарорлардан шикоят қилинган бўлса, 250 таси суд ҳукмини енгиллаштириш, 121 таси оила аъзоларига кўмак бериш, 117 таси тиббий ёрдам кўрсатиш, 116 таси Омбудсман билан учрашиш, 78 таси бошқа муассасага ўтказиш ва 151 таси бошқа масалаларда йўлланган. Маҳкумлар билан бевосита суҳбатлар олиб борилиб, учраётган муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Маҳкумлар томонидан оиласига кўмак кўрсатиш масаласида келиб тушган мурожаатлар юзасидан тегишли ҳокимликлар томонидан Омбудсманнинг хатига асосан 11 нафар маҳкумнинг оила аъзоларига ижтимоий-моддий кўмак кўрсатилди ҳамда 13 нафар маҳкум истисно тариқасида яшаш жойига яқин бўлган ҳудуддаги жазони ижро этиш колониясига кўчирилди.
Хулоса сифатида таъкидлаш лозимки, амалга оширилаётагн ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмини яратиш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида қонун устуворлигини таъминлаш, шунингдек аҳоли орасида ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилгандир.
Шоҳжаҳон Қултураев,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)
Котибияти мутахассиси