Оммавий қабуллар уч ойлигининг илк манзилидаёқ олти кунда қарийб 2 минг 650 масала кўриб чиқилгани ҳам шундан далолат бериб турибди. Йигирмадан зиёд вазирлик, қўмита ва ташкилот масъуллари “Инсон қадри учун!” ғояси асосида бир мушт бўлиб бирлашгани туфайли аксарият масалалар жойига чиқиб ўрганилди, маҳаллаларда, хонадонларда, ижтимоий соҳа объектларида мулоқотлар олиб борилди. Тизимли муаммолар бўйича қўшимча ишчи гуруҳлар фаолият кўрсатаётган бўлса, айрим соҳалар бўйича алоҳида мулоқот майдонлари ташкил қилинмоқда. Буларнинг барчаси Президентимиз топшириғи асосида тузилган республика ишчи гуруҳи фаолияти натижадорлигини таъминлашда муҳим омил бўляпти.
Бир мисол. Президент виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхоналари ва оммавий қабуллардаги мурожаатлар таҳлилидан сўнг республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва тиббиёт олийгоҳларининг 50 дан зиёд малакали шифокори Фарғонага таклиф қилинди. Турли ҳудудларда уларнинг алоҳида сайёр қабуллари, тиббий кўриклари ташкил этилмоқда.
Қисқа вақтда 6 минг 130 аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди. Хасталик аниқланган 3 минг 920 бемор стационар даволанишга йўналтирилди.
Энди 10 ёшга кирган Асадбек юрак хасталигидан азият чекмоқда. Куни кеча оммавий қабулда Насиба Қосимова невараси дардига даво топиш масаласида амалий ёрдам сўрагач, Асадбекка Тошкент шаҳрида даволаниши учун йўлланма ажратилди.
– Бир марта пойтахтга бориб даволаниб келишнинг ўзига қанча маблағ керак, – дейди Н.Қосимова. – Оммавий қабулга неварамнинг даволаниши учун ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Бу ишга бош қўшганларга раҳмат, мурожаатимизга бефарқ бўлишмади. Энди йўлланма билан бориб, керакли муолажаларни олиб қайтаверамиз.
Бундан ташқари, ижтимоий ҳимояга муҳтож 731 беморнинг 101 нафарида Фарғонада мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Туғма юрак етишмовчилиги билан хасталанган 2,7 минг болани босқичма-босқич даволаш белгилаб олинди. Биринчи босқичда улардан 680 нафари соғлом ҳаётга қайтади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги мурожаатлар таҳлили асосида вилоятдаги 70 та маҳалланинг тиббий пунктини, 101 та оилавий шифокорлик пунктини қайта ташкил этиш бўйича ишларни янада жадаллаштирди. Хусусий тиббиёт муассасалари раҳбарлари билан мулоқотлардан сўнг умумий қиймати 70 миллиард сўмга тенг 11 та концепция лойиҳаси, Олтиарикдаги “Odiljon Med Line” шифохонаси билан эса лойиҳа қиймати 10,4 миллиард сўмга тенг давлат-хусусий шериклик битими имзоланди.