Унда коронавирус пандемияси шароитида Ўзбекистон иқтисодиётининг 2021 йилнинг биринчи ярмидаги ривожланишига оид атрофлича маълумотлар ўз ифодасини топган.

Таъкидланганидек, бутун жаҳонда коронавирус пандемияси давом этаётаётганига қарамасдан жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон иқтисодиёти сўнгги йилларда энг юқори даражадаги ўсиш суръатларига эришди. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг олти ойида ялпи ички маҳсулот 6,2 фоизга ўсди.

«Ўзбекистоннинг асосий савдо шериклари бўлган мамлакатлар иқтисодиётларида ҳам ярим йиллик сўнгида барқарорлик, ўсиш кузатилмоқда, - деб ёзади Ўмон нашри. - Гарчи сабзи, озиқ-овқат, ёғ каби айрим маҳсулотларнинг нархларида ўсиш кузатилган бўлса-да, Ўзбекистонда истеъмол маҳсулотлари жабҳасида инфляция даражаси секинлашишда давом этмоқда».

 Иқтисодиётга инвестициялар оқими жорий йилнинг биринчи чорагида ижобий ўсувчанликни кўрсатди. Асосий фондларга инвестициялар ўтган йилнинг шу даврида деярли 5,9 фоизга пасайишига қарши 10 фоизга ошди. Марказлаштирилган маблағлар ҳисобига инвестицияларни марказлаштирилмаганларига нисбатан жалб қилишни камайтириш тенденцияси мавжуд. «Инвестицияларнинг салмоқли оқими тижорат банклари томонидан жалб қилинган кредитлар, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва хориждан кредит маблағларининг ўсиши билан боғлиқ», - деб ёзади нашр.

Дунё АА мухбирининг таъкидлашича, Ўмон газетаси Ўзбекистонда ишлаб чиқаришнинг ижобий динамикаси иқтисодиётнинг барча тармоқларида кузатилаётгани, асосий драйверлар - саноат ва хизмат кўрсатиш соҳалари бўлиб қолаётганини алоҳида қайд этган. 

Мақолада қайд этилишича, республика ташқи савдода ҳам пасайишни бартараф этишга муваффақ бўлди. Жорий йилнинг биринчи ярмида ташқи савдо ҳажми 13,6 фоизга  ўсди ва 18 миллиард долларни ташкил этди.

«Экспорт таркибида хорижий мамлакатларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш асосан кимёвий маҳсулотлар, саноат маҳсулотлари, машиналар ва транспорт ускуналари ҳисобига тўғри келади.  Ушбу кўрсатгичларга кўра,  ярим йиллик якунлари бўйича Ўзбекистон иқтисодиёти инқироз оқибатларини фаол енгиб, юқори ўсиш суръатларини намойиш қилмоқда», - деб таъкидлаган «Asdaa Oman».