“Дунё” АА хабарига кўра, Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги бош консули Аслам Акбаров Россиянинг Омск шаҳрига амалий ташрифи доирасида бахтсиз ҳодиса туфайли шифохонада қолаётган юртдошимиз ҳолидан хабар олди.

Бош консул Миграция агентлиги вакили билан биргаликда Омск вилояти Соғлиқни сақлаш вазирлиги Клиник тиббий-жарроҳлик маркази раҳбарияти, даволовчи шифокор ва травматология бўлими бошлиғи билан музокаралар ўтказди.

Айни пайтда бемор сунъий нафас бериш аппаратига уланган бўлиб, тиббиёт маркази ходимлари унинг ҳаётини сақлаб қолиш ва соғлиғини тиклаш учун барча зарур чораларни кўрмоқдалар.

Мулоқот якунида муҳим инсонпарварлик келишувига эришилди: Россия томони беморнинг соғлиғи оғир эканини инобатга олиб, унинг кейинги даволаниш харажатлари учун тўлов талаб қилмайдиган бўлди. Марказ шифокорларининг юртдошимизга кўрсатаётган самимий ғамхўрлиги ва ҳаёт фаолиятини сақлаб қолиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари алоҳида эътироф этилди.

Ҳозирда вазият Ўзбекистон бош консули томонидан шахсан назоратга олинган бўлиб, дипломатик ваколатхона ва Миграция агентлиги ватандошимизга зарур ёрдам кўрсатишда давом этмоқда.