Лойиҳа доирасида шу кунга қадар Олтиариқ, Қизилтепа, Риштон, Сариосиё, Узун, Бағдод, Фарғона, Косон, Олот, Деҳқонобод туманларида ҳамда Фарғона ва Марғилон шаҳарларида барча қулайликларга эга бўлган 12 та кўркам ва шинам мажмуа бунёд этилди. Йил охирига қадар яна 8 та ана шундай маънавият ва маърифат маскани ишга туширилади. Уларда юзга яқин йигит-қиз иш билан таъминланади.
Бугун Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида ҳам замонавий услубда қурилган, ўзига хос инновацион ечимга эга ва 5 мингдан ортиқ китоб фондига эга “Истеъмолчилар уйи” маъмурий комплексининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур маъмурий комплексда ташкил этилган “Истеъмолчи кутубхонаси” фондидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва истеъмолчилик соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар, сиёсий-иқтисодий қўлланмалар, маърифий, бадиий, илмий-оммабоп китоблар, республикамизда нашр қилинаётган ижтимоий-сиёсий газета-журналлар ўрин олган.
Тадбирда федерация раиси Жаҳонгир Саримсоқов сўзга чиқиб, истеъмолчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини мустаҳкамлаш мақсадида федерация ҳамда Тошкент давлат юридик университети ҳамкорлигида ишлаб чиқилган 16 турдаги юридик адабиётлар туркуми ҳам тақдим этилиши, шунингдек, илк бора 100 минг дона электрон китобдан иборат база ҳам шакллантирилиб, ўқувчилар пандемия шароитида уйида туриб, китобларга буюртма бериши ва арзон нархда электрон китобларни харид қилиши мумкинлигини таъқидлади.
Шу билан бирга, кутубхонада замонавий “Bооk cаfе” ва бепул Wifi тизими ҳамда интернет орқали зарур адабиётларни топиш ва харид қилиш имконини берувчи “eReader” электрон ўқув қурилмаси ҳам ўрнатилган.
Қолаверса, мажмуадан беш муҳим ташаббус доирасида хотин-қизлар учун чеварликни бепул ўргатиш маркази, мактабни тугатиб ишсиз юрган йигитлар учун ҳунармандлик бўлими ҳам ўрин олган. Бундан ташқари, ҳозир ёшлар катта қизиқиш билдираётган миллий чолғу асбобларини ясаш ва ўргатиш бўлими ҳам иш бошлаяпти.
Бундан ташқари, “Истеъмолчилар уйи” маъмурий комплексидан жой олган “Истеъмолчи қабулхонаси”да эса, истеъмолчиларнинг ариза ва мурожаатлари қабул қилинади.
Бир сўз билан айтганда, бу каби масканлар ўғил-қизларимизнинг ҳам маънавий тафаккурини бойитиш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, яширин салоҳияти ва истеъдодини кашф этиш учун беқиёс имкониятлар бешиги бўлиб хизмат қилади.