Тарихий маълумотларга кўра, байроқлар  эрамиздан аввалги III-II минг йилликда пайдо бўлиб, дастлаб қабилаларни бир-биридан фарқлаб кўрсатувчи белги сифатида қўлланилган. Кейинчалик улар ҳукмдорлар, лашкарбошиларнинг ҳукмронлигини билдирадиган рамзга айланган. Замонлар ўтиши билан улар мамлакат тарихини, мақсад ва эътиқодларини ҳам акс эттирувчи муқаддас рамз сифатида эъзоз топган.

Тарихимизда Тўмарис, Спитамен, Муқанна, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик каби ватанпарлар юрт озодлиги учун курашда муқаддас юрт байроғи остида жипслашган.  Буюк соҳибқирон Амир Темур ўз ҳаёти давомида ғолиблик байроғини юксак кўтарди. Бу байроқ остида буюк эл бирлашди ва у барпо этган улуғ салтанат довруғи дунёда достон бўлди. Бу давр давлатчилигимиз тарихига зарҳал ҳарфлар билан муҳрланди. Темур салтанатида байроқ том маънода мамлакат рамзи, улуғворлик тимсолига айланди. Ўша даврда жангчиларга жанговар руҳ бағишлаш, уларнинг кайфиятини кўтариш, иродасини чиниқтириш мақсадида жанг майдонлари узра байроқ ҳамиша баландликда ҳилпираб турган. Шу тариқа, Темур салтанатида байроқ давлатнинг мустаҳкам ва қудратли эканлигини ифода этган.

Амир Темур давлатида давлат байроғи адолат, буюк куч-қудрат рамзи сифатида эъзозланган. Жангу жадалларда юксак мардлик ва жасорат белгиси сифатида энг кучли, жасур, ботир ва баҳодирларга ҳадя қилинган. Соҳибқирон давлатида давлат туғи адолат, буюк куч-қудрат рамзи ҳисобланган. Бу салтанатда байроқ юксак мардлик ва жасорат белгиси сифатида энг жасур жангчилар томонидан қўриқланди. Амир Темур замонида байроқни паст тутиш ёки сарбознинг қўлидан тушиб кетиши хосиятсиз саналган. Бунга Амир Темур алоҳида эътибор қаратган. Байроқнинг пасайтирилиши мағлубият ва ортга чекиниш ишораси бўлган. “Темур тузуклари”да қайд этилишича, душман устидан жасорат ва мардлик кўрсатиб, ғалаба қозонган мартабали амирлар ва сипоҳийларга давлат тимсоллари – туғ ва ноғора туҳфа этилган.

Миллий байроғимизнинг давлат идоралари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, хориждаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз биносида ҳилпираб туриши, турли байрам ва тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини  намоён этиши кўнгилда фахр ва ифтихор уйғотади.

Жаҳон майдонларида юртдошларимиз улкан ғалабаларга эришиб байроғимизни кўкларга кўтарганда, давлат гербини ўпиб, пешонамизга тўтиё этганимизда, давлатимиз мадҳияси янграганда беихтиёр қалбларимиз жунбушга келиб, кўзларимизда севинч ёшлари қалқийди. Албатта, жасур Ватан ўғлонлари юксак ғалабалар нашидасини нишонлашда давлат рамзларига фахр билан қўлларини кўксига қўйиб таъзим қиладилар. Биз учун байроқ озодлик тимсоли, миллий ифтихор рамзидир.

Шунингдек, давлатимиз байроғини Ватан суратларига қиёсласак бўлади. Ўзбекистоннинг қуёшли ўлка, буюк тарих, маънавият ва маданият яратган замин эканлиги ушбу тимсол рангларида акс этган.

Бугун Янги Ўзбекистон дунё саҳнида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон мамлакат сифатида жадал одимламоқда. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Мамлакатимизда олиб борилаётган жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар юртимизда янги даврни – янги Ўзбекистон даврини бошлаб берди”. Зеро, айни пайтда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиздаги жадал суръатлар билан олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотлар дунё ҳамжамиятида Ўзбекистонга бўлган қизиқишни янада ошириб, унинг халқаро майдондаги нуфузини тобора мустаҳкамлашга замин яратмоқда.

Бугун Янги Ўзбекистонни порлаётган қуёшга қиёсласак, ундан таралаётган илму зиё нури кўҳна заминга меросдир. Давлатимиз байроғи халқимизнинг иродасини тоблаб, элни эзгулик, улуғ ва буюк мақсадлар сари бирлаштириб халқимизга руҳий қувват беради.

Аслида Ватан байроғини кўзга суртиш, уни тўтиё қилиш, она юрт учун жонни фидо қилиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Зеро, мардлик ва буюклик мартабасини ўзида акс этувчи байроғимизга нигоҳ ташлар эканмиз, беихтиёр у ҳар бир ватандошимиз қалбини ғурурга тўлдиради. Шу боис, давлат рамзи сифатида байроқ буюк келажак ва ёруғ истиқболни мужда қилаётгандек залворли ҳилпирайди.

Байроғимизда юксак ғурур ва улуғворлик тимсоли акс этган бўлиб, у ватанни чин дилдан севишга, ўз халқини ардоқлашга даъват этади. Шуни алоҳида ифтихор билан айтишимиз мумкин, жонажон Ўзбекистонимиз байроғи дунёдаги энг чиройли ва кўркам байроқлардан биридир.

Хорижда бўлганимизда ҳилпираб турган байроғимизга чексиз ғурур билан нигоҳ ташлар эканмиз, юрагимизда чексиз меҳр уйғониб, руҳиятимиз кўтарилади. Байроғимиз тимсолида дунёнинг ҳар қайси нуқтасида ҳам Ўзбекистон деган ҳимоячимиз, суянчиғимиз борлигини ҳис этамиз.

Айниқса, мамлакатимизда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган нафақат мамлакатимизда, шунингдек, хорижий мамлакатларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз томонидан ҳам кенг нишонланиб келинмоқда.

Давлат рамзларимизга бўлган ҳурмат ва эътибор кучаяётгани, уларнинг ҳуқуқий асосини, маънавий илдизларини кенг жамоатчиликка тарғиботини етказиш том маънода бугунги кун талабига айланмоқда.

Агар тарихга назар ташласак, байроқ – инсоният тарихини ўзида акс эттирадиган беқиёс тимсолдир. Чунончи, дастлабки байроқлар олис ўтмиш қаърида, эрамиздан аввалги III-II минг йилликда пайдо бўлиб, улар дастлаб қабилаларни бир-биридан фарқлаб кўрсатувчи белги сифатида қўлланилган. Кейинчалик улар ҳукмдорлар, лашкарбошиларнинг ҳукмронлигини билдирадиган рамзга айланган.

Ҳозирги вақтда эса байроқлар давлат мустақиллигининг асосий рамзи саналиб, унда мамлакатнинг миллий менталитети ва тарихи акс этади. Мустақил Ўзбекистон байроғи сарҳадимизда қадимдан мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқликни ҳамда республикамизнинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштирган. Байроғимизда яхшилик, шон-шуҳрат, садоқат, поклик, халқнинг тарихи ва навқиронлиги акс этган.

 Ҳозирги тинч ва осойишта даврда давлатимиз байроғи мустақиллик ва миллийликни ўзида акс эттириб ватанимиз ҳудудларида виқор билан ҳилпираб туриши ҳар биримизга қувонч ҳамда фахр бахшида этади. Албатта, мана шундай ширин лаҳзалар ҳар бир Ватандошимизда юртга бўлган чексиз меҳр ва садоқатнинг ёрқин намунасини намоён этади. Зеро, давлат рамзлари она Ватан каби азиз ва муқаддас бўлиб унда халқ тарихи, бугуни ва келажаги ўз аксини мужассам этади. Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз байроғи халқимиз ор-номусини уйғотувчи беқиёс куч сифатида озодлик, ватанни севишга даъват этиб, миллий ғурур, фидойилик ва ватанпарварликни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. . Ана шундай муқаддас рамзлардан бири давлатимиз байроғи шонли тарихимиз, эътиқодимиз ва анъаналаримизни акс эттирган тимсол сифатида қадрлидир.

 

Мансур Мусаев,

Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи,

сиёсий фанлари бўйича фалсафа доктори.