Жаҳонда ўз она тилини улуғламаган, унинг шаъни, обрўси учун курашмаган халқни топиш мушкул. Тильда ҳар бир халқнинг асрлар давомида босиб ўтган йўли, тарихи, миллий қадриятлари, урф-одатлари, маданияти ва санъати, маънавияти ўзининг яққол ифодасини топган бўлади. Шу боис уни кўнгил мулкининг бебаҳо гавҳари, дури каби сақлайдилар, ўрни келганда кўкрагини қалқон қилиб ҳимоялайдилар ҳам.
Бугун 21 октябрь «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Самарқанд вилоят бўлими бошқаруви ташаббуси билан «Она тили–миллатнинг фахри!» мавзусида Ўзбек тили байрами кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ушбу тадбирда сўзга чиққанлар ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлганлигини, истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берганлигини, ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўси ошганлигини, «Давлат тили ҳақида»ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратаётганлигини таъкидлади.
Тадбирга Самарқанд давлат университетидан таклиф қилинган вакил ҳам сўзга чиқиб олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилганлигини айтиб ўтди ҳамда мумтоз адабиётимиз намуналари, саксон мингдан зиёд сўз ва сўз бирикмасини, фан, техника, санoат, маданият ва бошқа соҳаларга оид атамаларни, шеваларда қўлланиладиган сўзларни ўз ичига олган беш жилдлик «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» бу борада амалга оширилган ишларнинг энг муҳимларидан эканлигига алоҳида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, қолган тадбир қатнашчилари ҳам ўзбек тили тўғрисидаги ўзларининг ажойиб фикр мулоҳазали билан ўртоқлашди.
Нодир Алимов,
«Маҳалла» хайрия жамоат фонди
Самарқанд вилоят бўлими матбуот хизмати