2020 йилдан бошлаб Миллий ўқув дастури лойиҳаси доирасида халқаро тажриба ҳамда меҳнат бозори талабларини ҳисобга олган ҳолда, умумтаълим мактаблари учун 22 та фандан, хусусан, "Она тили ва ўқиш саводхонлиги" фанидан замонавий таълим стандартлари, ўқув дастурлари ҳамда илғор методикаларни, баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш мақсад қилинган.
Миллий ўқув дастури асосида 2020-2021 йилдан бошлаб умумтаълим мактабларида Она тили ва Ўқиш фанларининг бирлашуви натижаси "Она тили ва ўқиш саводхонлиги" фани жорий этилди. Икки фаннинг бирлашувига асосий сабаб она тилини ўқитишдаги ёндашувнинг ўзгариши бўлди. Эндиликда грамматика ва ёдлашга асосланган таълимдан тинглаб тушуниш, ўқиб тушуниш, фикрни оғзаки ва ёзма баён қилишдан иборат тил ўргатишнинг 4 кўникмасини ривожлантиришга қаратилган таълим шаклига ўтилди.
Она тили фани асосида ўқувчида шакллантириладиган кўникмалардан бири бу ўқиб тушунишдир. Натижада ўқувчи дарсликда қоидалар ўрнига кўпроқ матнлар билан ишлайди ва уларда ўқиб тушуниш кўникмаси ривожланади. Ўқувчида ўқиб тушуниш кўникмасини Она тили фани ривожлантириши ҳисобига ўз-ўзидан Ўқиш фанига зарурат қолмайди.
Ушбу дарслик амалиётга жорий қилинишидан олдин мактабларда тажриба-синовдан ўтказилди. 1-2-синф Она тили ва ўқиш саводхонлиги дарслиги 2021-2022-ўқув йили учун амалиётга жорий қилинганида, кўплаб ўқитувчилар томонидан норозиликларга сабаб бўлган бўлсада, бу дарсликни бир йил давомида ўқитиб ўқувчиларидаги ижодий ва танқидий фикрлаш қобилиятининг ошиб бораётганини, матнлар, аудиоматнлар билан ишлаш, ёзиш ва нутқ сўзлаш кўникмаларининг ривожланаётганини кўрган ўқитувчилар энди ушбу дарсликларга нисбатан илиқ муносабат билдиришмоқда.
"Она тили ва ўқиш саводхонлиги дарслигида берилган бўлим ва мавзулар реал ҳаётга асосланган бўлиб, ўқувчини нафақат ўқиш ва саводхонлик кўникмаларини балки, уларни атрофидаги воқеа ва ҳодисаларни англашга, муайян ижтимоий вазиятлар учун керакли билим, кўникма ва малакаларни шакллантиришга асос бўлмоқда" — дейди, Тўрақўрғонлик ўқитувчи Манзура Каримова.
Она тили ва ўқиш саводхонлиги дарслигини яратиш жараёнига маҳаллий мутахассислар, амалиётчи ўқитувчилар билан биргаликда ЮНИСЕФнинг халқаро эксперти Сюзан Иануззи ҳам иштирок этди.
Дарсликни ёзишда қатнашган маҳаллий мутахассисларнинг 5 нафари Сюзан Иануззи томонидан ташкил қилинган 3 ойлик семинар тренингларда замонавий дарсликни яратиш малакаларини оширдилар.
Тил кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган фаннинг мазмун-моҳиятини хорижий ва маҳаллий экспертлар томонидан ўқитувчиларга етказиш мақсадида Тошкент шаҳридаги "МФактор" бизнес марказида Она тили ва ўқиш саводхонлиги бўйича халқаро эксперт Сюзан Лануззи иштирокида бошланғич синфларнинг "Она тили ва ўқиш саводхонлиги" дарслиги тақдимоти бўлиб ўтди.
Республика таълим маркази Ахборот хизмати