Тизимдаги ўзгаришлар кўлами
2017 йил 4 апрелда Президентимизнинг “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чоратадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди. Ушбу қарор юртимиз онкология тизимини бутунлай янги поғонага олиб чиқди, десак муболаға бўлмайди.
Қарор ижроси самараси ўлароқ, юртимизда аҳолига ихтисослашган онкологик ёрдам кўрсатувчи ягона тизим яратилди. Онкология илмий маркази Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига ўзгартирилди ва 15 та ҳудудий онкология диспансери марказнинг филиалларига айлантирилди. Марказда 10 та даволаш корпуси бўлиб, 370 ўринга эга. Бу ерда йилига 9 мингдан ортиқ беморга стационар, 43 минг нафарига амбулатор хизмат кўрсатилади.
Тизимнинг бирламчи бўғинида, ҳар бир туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмасида онкологик кабинетлар ташкил этилиб, мутахассислар фаолияти йўлга қўйилди. Шу тарзда онкология ягона тизим сифатида туман даражасигача кириб боришига эришилди.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази таркибида Саратон профилактикаси, Экспериментал онкология, Нур терапия ускуналар метрология марказлари ташкил этилди. Онкологияда диагностика ва даволаш стандартлари ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди. Бунинг натижасида энди юртимиздаги барча онкология муассасаларида тиббий диагностика ва ёрдам ягона замонавий стандартлар асосида бажарилади.
Беморларни даволаш дори-дармонсиз бўлмайди. Лекин уларни топиш ва сотиб олиш ҳар қандай беморга, унинг яқинларига қийинчилик туғдиради. Шу сабаб, давлат томонидан бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Таққослаш учун мисол: онкология хизмати учун дори-дармон ва сарфлов воситаларига 2016 йилда 8 миллиард сўм ажратилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич қарийб 62 миллиард сўмга етди. 2022 йилдан эса 125 миллиард сўм маблағ ажратилади, яъни маблағ ҳажми қарийб икки баробар оширилади.
Онкология соҳасидаги ислоҳотларнинг давоми сифатида давлатимиз раҳбари жорий йил 27 майда “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Ушбу ҳужжатда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази учун Тошкент тиббиёт академияси клиникаси ҳудудида замонавий янги бино-иншоотлар комплексини қуриш ва жиҳозлаш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган. Бунинг учун Корея Республикасининг энг замонавий онкология клиникалари фаолияти ўрганиб келинди. Айни пайтда Тошкент вилояти, Тошкент шаҳридаги филиалларни жамлаган ҳолда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Марказий Осиёда ягона бўлган 650 ўринли янги биносини қуриш ишлари жадал суръатларда давом эттирилмоқда.
Онкология тизимидаги кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ёш мутахассисларнинг хориждаги етакчи марказларда давлат маблағи ҳисобидан малака ошириши, соҳа ходимларининг иш ҳақи соғлиғига етказиладиган зарарни ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилиши, туман онколог шифокорини Республика онкология маркази вилоят филиали раҳбарининг тавсияси асосида лавозимга тайинлаш ва озод этиш тизими жорий этилиши соҳа ривожига ижобий туртки бўлиши, шубҳасиз.
Гематологик, онкологик ва ирсий иммунологик касалликларга чалинган фуқароларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар бўйича ахборот тизими жорий этилади. Фойдаланиладиган дорилар рўйхати, уларнинг самарадорлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳар йили янгилаб борилади. Оғир ва даволаб бўлмайдиган босқичдаги беморлар учун оғриқ қолдирувчи наркотик ноинъекцион воситалар белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади.
Аҳоли орасида ушбу касалликларга қарши курашиш мақсадида хорижий грантлар, техник ва бошқа ташқи беғараз кўмак маблағларни жалб этишни кучайтириш, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари асосида гематологик ва онкологик касалликларни эрта аниқлаш дастурини, паллиатив ёрдам кўрсатиш стандартлари ва клиник протоколларини қайта ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш устувор вазифаларимиздан биридир.
Энди аҳолига онкология ёрдамини такомиллаштириш ва онкология хизматини янада ривожлантириш билан боғлиқ харажатлар учун давлат бюджетидан 2021 йилда қўшимча 60 миллиард сўм, Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказини Чилонзор туманидаги янги бинога кўчириш, 2022 йил 1 январдан бошлаб болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази Республика гематология маркази таркибидан чиқарилиб, мустақил фаолият юритишини таъминлаш, 2021–2022 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар болалар кўптармоқли тиббиёт марказларининг болалар гематологияси бўлимлари негизида болалар гематологияси ва онкологияси бўлимларини ташкил этиш ҳам муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Албатта, буларнинг бари онкология соҳасида жуда катта ўзгаришларга олиб келади. Жумладан, Республика онкология маркази янги замонавий бинога кўчирилиб, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоят филиаллари бирлаштирилади. Шу тариқа Марказий Осиёда етакчи илмий-амалий марказ яратилади ва унда ҳам илмий, ҳам амалий соҳалар, таълим тизими, тиббиётнинг бошқа соҳалари билан интеграциялашган йирик мажмуа иш бошлайди. Бу марказ дунёдаги етакчи клиникаларга рақобатбардош муассаса бўлиб, фақатгина аҳолига кўрсатиладиган ихтисослашган онкологик ёрдам сифати яхшиланибгина қолмай, тиббий туризм ривожланиши натижасида қўшни давлатлардан даво истаб келувчилар сони ҳам ортиши кутилмоқда. Онкологик беморлар ягона ахборот базаси яратилади, статистик кўрсаткичлар ҳаққонийлиги таъминланади ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини реал баҳолаш мумкин бўлади.
Бундан ташқари, қарор ижроси натижасида онкологик касалликларни биринчи-иккинчи босқичларда эрта аниқлаш кўрсаткичлари яхшиланмоқда. Операциядан кейинги ўлим ҳолатлари камаяди. Юқори технологик текширишлар қўлланиши, даволаш эндовизуал жарроҳлик юқори технологиялари ва радиотерапевтик даволаш усулларини жорий этиш эса 95 фоизга етказилади.
Вилоятларда ҳам хизмат имконияти кенгаймоқда
Ҳудудлараро хоспислар онкологик ва юқумли бўлмаган бошқа касалликларнинг ўтказиб юборилган босқичини бошидан кечираётган беморларни стационар ҳамда амбулатория шароитида, шунингдек, уйда тиббий даволаш имконияти бўлмаганда, уларга тиббий-психологик ёрдам кўрсатадиган мустақил тиббиёт муассасалари сифатида ташкил этилади.
Ҳозирда замонавий тиббиёт анча ривожланган бўлса-да, даволаш имкони бўлмаган касалликлар ҳам бор. Лекин ҳар қандай вазиятда ҳам шифокор беморга қандайдир ёрдам кўрсатади. Бу паллиатив ёрдам дейилади. Яъни, оғриқ хуружларини қолдиради, психологик ёрдам кўрсатади, бемор аҳволини бироз бўлса ҳам яхшилашга ҳаракат қилади ва ҳоказо.
Кечки босқичлардаги беморларга ёрдам кўрсатиш учун филиалларда 200 ўринли паллиатив ўринлар ташкил этилди. Оғир, кечки босқичдаги беморлар учун Хоразм вилоятида 50 ўринли хоспис очилди, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида очилиш арафасида. Тошкент шаҳридаги хоспис республикадаги ҳудудлараро хосписларга ёрдам кўрсатувчи услубий марказ этиб белгиланди.
Аввал юртимизда бор-йўғи 5 та нур терапия ускунаси мавжуд бўлиб, беморларнинг навбат кутиши энг катта муаммолардан бири эди. Қарор доирасида нур терапия ўтказиш учун 2 та чизиқли тезлаткич, 11 та гамма терапевтик ва 7 та брахитерапевтик ускуна сотиб олинди ва ишга туширилди. Бунинг натижасида беморларга комплекс ва комбинирланган муолажа ўз вақтида кўрсатилиб, нур терапиясини вилоятларда олиш имконияти яратилди.
Тошкент шаҳри, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида илк бор 3 та замонавий иммунногистохимия лабораторияси ташкил қилинди. Энди беморлар чет эл клиникаларига бормасдан, юртимизда сифатли муолажа олиши мумкин.
Онкологик касалликларни эрта аниқлаш мақсадида кўкрак бези ва бачадон бўйни саратони бўйича скрининг текширувлар ўтказилмоқда. Бунинг учун биргина Бухоро вилоятида 15 та маммографик ускуна ўрнатилди ва ишга туширилди. Бошқа ҳудудий филиалларга ҳам шундай ускуналар ўрнатилиб, жорий йилнинг биринчи ярмида юртимиз бўйича 207 минг 402 нафар аёл скринингдан ўтказилди.
Андижон, Хоразм, Самарқанд филиалларида ва Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига замонавий лапароскопик ускуналар олиниши натижасида каминвазив лапароскопик жарроҳлик амалиётини бажариш кенг йўлга қўйилмоқда.
Онкология муассасаларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш, қўшимча ўринлар яратиш, янги бинолар қуриш, уларни ускуналар, онкомаркерлар, реактивлар билан таъминлаш бўйича ҳам иш олиб борилмоқда. Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича хорижий давлатлар институтлари филиалларини ташкил этиш, Самарқанд вилояти филиалига ажратилган 3-туғуруқ комплекси биносини таъмирлаш ҳудудларда хизмат ривожига катта туртки бўлади.
Болалар онкологияси ва гематологияси бўлимлари бирлаштирилиб, янги замонавий бинога кўчирилиши натижасида, истиқболда бу соҳа алоҳида фаолият юрита бошлайди. Уларни молиялаштириш, кадрлар билан таъминлаш, моддий таъминот масалалари, диагностика ва даволаш стандартлари қайта ишлаб чиқилади. Албатта, янги соҳа бўлмиш болалар онкологияси ва гематологияси тизими истиқболда жуда жадал ривожланиш йўлини тутиши, онкологик бемор болаларга кўрсатиладиган даво сифати эса янада яхшиланади.
Малака ошириш ва хорижий алоқалар
Ўзаро ҳамкорликни яхшилаш борасида 18 та етакчи хорижий давлат клиникалари ва марказлари билан келишув меморандумлари имзоланди. Кадрлар салоҳиятини ошириш борасида шу давр ичида 150 дан ортиқ ёш мутахассис Жанубий Корея, Туркия, Франция, Португалия, Россия, Беларусь каби давлатларда малака ошириб қайтди. Сўнгги уч йилда тизимдаги 150 нафар мутахассис нуфузли хорижий клиникаларда давлат ҳисобидан малака оширган.
Чет эл клиникалари билан алоқа яхшиланиши, моддий-техник база мустаҳкамланиши натижасида текшириш ва даволаш стандартлари замон андозаларига мос равишда доимий янгиланиб боради ва барча онкология муассасаларида ягона стандартлар бўйича иш олиб боришига эришилади.
Мухтасар айтганда, онкология соҳасига ҳукуматимиз томонидан қаратилаётган юксак эътибор бизни беҳад қувонтириши, ғайратимизга ғайрат қўшиши баробарида, ушбу вазифаларни бажариш йўлида жуда катта фидойилик, меҳнат ва жонбозлик талаб этади. Малакали онкологик хизмат сифатини тубдан яхшилаб, аҳолининг давлатдан ва тиббиёт ходимларидан розилигига эришиш, юртимиз тиббиётини дунё тиббиётининг энг юқори сатҳига олиб чиқиш устувор вазифамиздир.