Бу ҳақда АОКАда “Ўзбектелеком” АК Ахборот хизмати раҳбари Тимур Мамажонов иштирокида ўтказилган брифингда айтиб ўтилди.
2020 йилнинг охирида UZTELECOM «Магистрал ва мултисервисли маълумотлар узатиш тармоқларини кенгайтириш» лойиҳаси доирасида кенг кўламли ишларни амалга оширди. Бунинг натижасида вилоят ва туман марказларигача транспорт тармоғининг ўтказувчанлиги тўрт баробаргача ошди. Шу муносабат билан жорий йилда транспорт каналлари ижараси бўйича хизматлар нархи икки маротаба, январда 50 % га, май ойида эса яна 30 % га арзонлаштирилди.
Интернет хизматлари ва ҳудудлараро транспорт каналлар учун нархнинг пасайиши, айниқса, Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида операторлар ва провайдерлар фаолиятининг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатиши ва бу Ўзбекистон иқтисодиётини рақамли трансформациялаш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Брифингда шунингдек, телекоммуникация йўналишидаги ислоҳотлар, хусусан, мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни барқарор ривожлантириш борасида Компания томонидан амалга оширилаётган ишлар, соҳалар фаолиятига етиб бораётган телекоммуникация тармоғи ва бу орқали аҳолига яратилаётган қулайликлар борасида сўнгги йилларда эришилган ютуқлар тўғрисида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, Компания томонидан аҳоли, давлат идоралари ва соҳа ташкилотларига тақдим этиб келинаётган кенг қамровли телекоммуникация хизматлари сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқилмоқда. Бунинг учун тизимдаги мавжуд инфратузилмалар модернизациялаштирилиб, мамлакатимиз бўйлаб юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланиш имконини берувчи оптик толали алоқа линиялари ўтказилмоқда.
Белгиланган йиллик режага мувофиқ телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида 2021 йил якунига қадар республика бўйича 50 минг км оптик толали алоқа линиялари қурилиши назарда тутилган. Қолаверса, қўшимча кенг полосали портлар ўрнатилиши натижасида 2,9 млн уй хўжаликлари, ижтимоий соҳа объектлари ва тадбиркорлик субъектларининг кенг полосали Интернетга уланишига имконият яратилди.
Умуман олганда тармоққа уланишлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Масалан, республика миқёсида соғлиқни сақлаш, халқ таълими, олий таълим тизимига умумий ҳисобда 22 556 км юқори сифатли оптик толали алоқа линиялари ўтказиб берилди.
Бундан ташқари, Компания томонидан бир қатор ижтимоий лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда. Хусусан, тизимдаги барча сотув ва хизмат кўрсатиш офисларини модернизациялаш ишлари йўлга қўйилган. Мазкур лойиҳа доирасида янгиланган ва Eco Hi-tech услубида ишлаб чиқилган замонавий офисларда UZTELECOMнинг барча хизматлари, яъни уй Интернетидан тортиб, мобил алоқагача бир жойда тез ва қулай тарзда улаш имконияти мавжуд. Ҳозирги кунда ҳудудлар ва Тошкент шаҳрида умумий ҳисобда 193 та шу каби офислар ҳамда 2 393 та дилерлик сотув нуқталари фаолият юритмоқда, уларнинг сонини яна кўпайтириш кўзда тутилган.
Соҳа тармоғидаги яна бир янгилик, 2021 йилда Жиззах эркин иқтисодий зонасида “Оптик толали алоқа кабелларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳасини амалга ошириш доирасида “Global Optical Communication Uzbekistan” МЧЖ (“GOC-UZ”) қўшма корхонаси маҳсулот ишлаб чиқаришнинг йиллик ҳажми 50 минг км га етказилди.
Компания замонавий миллий оператор сифатида ўз тармоқларини ривожлантириш мақсадида GSM стандартидаги база станциялари сонини ҳам кўпайтириб бормоқда. Жумладан, ушбу йўналишда жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги мобайнида яна қўшимча 150 дан зиёд янги база станцияларини ишга туширди.
Фаолиятлар таҳлилидан айтиш мумкинки, Компаниянинг мобил алоқа хизмати абонентлари сони ҳам жадал суръатда ўсиб бормоқда. Бу борадаги кўрсаткич 2016 йилда 674 минг абонентни ташкил этган бўлса, ўтган давр мобайнида ушбу йўналишдаги рақамлар 2021 йилда 7 миллиондан ошди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2021–2022 йиллар мобайнида мобил алоқа инфратузилмасини такомиллаштириш, кенг полосали интернетга уланиш хизматлари тармоқларини, маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш марказини ҳамда магистрал тармоқни ривожлантириш, шунингдек, халқаро пакетли коммутация марказини кенгайтириш каби бир қатор инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Мамлакатимизда босқичма-босқич барча тармоқлар амалиётига замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг кенг татбиқ этилаётганлиги Янги Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт фаол ривожланиб бораётганлигидан далолатдир.