— 2022 йил 18 март санаси нафақат тиббиёт ходимлари, балки бутун мамлакатимиз аҳолиси хотирасида ҳам тарихий воқеа сифатида умрбод муҳрланиб қолади. Бу учрашувни биз, тиббиёт ходимлари жуда интизорлик билан кутгандик. Президентимизнинг тиббиёт соҳасига оид айтган ҳар бир гапи аҳоли саломатлигини асраш ва касалликларнинг олдини олишга қаратилгани юксак эътиборнинг яна бир далилидир.
Давлатимиз раҳбари тиббиётни ривожлантиришнинг асосий еттита йўналишини белгилаб берди. Юртимиздаги 17 мингта тиббиёт бригадаси, 2 мингдан ортиқ оилавий шифокорлик пункти ва поликлиникалардаги ҳар бир тиббиёт ходимининг аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жисмоний фаолликни ошириш, касалликларнинг олдини олиш каби кўрсаткичлар бўйича рейтинги жорий қилинади. Ўзининг фидойилиги билан намуна бўлган, соҳани ривожлантиришга ҳисса қўшган тиббиёт ходимлари ҳар уч ойда рағбатлантириб борилади. Бу чоратадбирлар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган ишларни янада ривожлантиришга хизмат қилади. Соғлом турмуш тарзини шакллантириш, касалликларнинг олдини олишда намуна кўрсатган тиббиёт ходимлари ва жамоатчилик вакиллари учун “Халқ саломатлиги посбони” кўкрак нишони таъсис этиляпти. Йилда бир марта аъло даражада натижа кўрсатган тиббиёт муассасаларига мукофот ва совғалар берилади.
Айни пайтда Бухоро вилоятидаги эндокринология маркази учун замонавий бино барпо этиляпти. Замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар келтирилмоқда. Шунингдек, кардиология соҳаси ҳам ислоҳ этилмоқда. Яқинда вилоятда илк бор юракда очиқ жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Олдин бундай операциялар пойтахтимизда ёки чет элда ўтказиларди. Шу йилнинг бошидан бундай жарроҳлик амалиёти Бухоро вилоятида ҳам амалга оширилмоқда. Бу билан аҳолига катта қулайлик яратиляпти. Энди беморлар сарсон бўлиб, пойтахтда ёки чет элда эмас, ўз вилоятида даволаниб, шифо топиши мумкин. Соғлиқни сақлаш ходимлари билан учрашувда илгари сурилган таклиф ва мулоҳазаларнинг амалга ошиши ана шундай эзгу ишларни янги босқичга кўтаради.
Ўйлайманки, очиқ мулоқотда бевосита қатнашган ва кузатиб борган ҳар бир тиббиёт ходими учун бу кун унутилмас сана бўлди. Бизга кўрсатилган бундай рағбат ва эътибор зиммамизга жуда катта масъулият ҳам юклайди. Президентимиз тиббиёт ходимларига ишда тўхтаб қолмаслик, мунтазам изланиш, ўқиш зарурлигини таъкидлади. Бу сўзларни фаолиятимизнинг асосий мезонига айлантирамиз. Чунки олдимизда касбий ривожланиб, тиббий хизмат сифатини оширишдек шарафли вазифа турибди.
Осиё МИРЗАЕВА,
Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бўлим бошлиғи