Президентимизнинг мактаб битирувчиларига мурожаатини биз, педагоглар таълим соҳаси учун йўлланган табрик, юксак эътибор ва ишонч намунаси сифатида қабул қилдик. Кўп йиллик ўқитувчилик фаолиятимда бундай ноёб воқелик кузатилмаган ва мутлақо кутилмаган эди. Таъбир жоиз бўлса, бу қутлов тарих саҳифасида очилган янги саҳифа, ёш авлодга янгича нигоҳ ва янгича ёндашув намунаси бўлди, деб ёзади Термиз шаҳридаги 11-мактаб ўқитувчиси, “Шуҳрат ”медали соҳибаси, Халқ депутатлари Термиз шаҳар кенгаши депутати Дилбар НОРМУРОДОВА.
Бугун юртимизда таълим соҳасига жуда катта эътибор қаратилаётганини кенг жамоатчилик эътироф этяпти. Кўп йиллик иш тажрибасига эга педагог сифатида эътироф этишим керак: биз, ўқитувчиларга яратилаётган шароитлар ҳамманинг ҳавасини келтиряпти. Ойлик маошларнинг босқичма-босқич оширилаётгани, муаллимларнинг турли ҳашар, мажбурий меҳнат, касбига дахли йўқ мажлислардан озод этилгани, қоғозбозликнинг кескин қисқартирилганини албатта таъкидлашимиз шарт.
Навбат билан ҳамкасбларимиз дам олиш масканларида саломатлигини тиклаб келмоқда. Май ойигача бўлган вақт оралиғида мактаб директорлари дам олиб келган бўлса, энди фан ўқитувчилари ва синф раҳбарлари санаторийларга жўнаш арафасида. Вилоятимизда янги очилган сиҳатгохда дам олиб қайтган қирқ йиллик иш тажрибасига эга тарих фани ўқитувчиси “Мазза қилиб дам олдим, шароитга гап йўқ, бўлар экан-ку... Мана эътибор, мана эъзоз”, деди фахр ва ғурур билан оғиз тўлдириб. Рўзғор, турмуш ташвишларидан ортмай, ёзги таътилда ҳам уй юмушларига шўнғиб кетган, ўзи учун вақт ажратишга имкон топмаган устозлар меҳнати бугун қадр топди, эъзозланяпти.
Банкларда ўқитувчилар учун имтиёзли автомобиль кредити олиш учун яратилган шарт-шароитдан фойдаланиш истагида турган ҳуқуқ фани ўқитувчиси “Муаллимнинг ҳам кўкрагига шамол тегар экан-ку, ҳамкасб, нима дейсиз “Tracker” олсаммикан ёки “Cobalt”?” дейди. Орадан бир неча кун ўтиб бояги ҳамкасбимиз ишга янги автомашинасида келар экан, ҳаммамиз унга ҳавас билан боқамиз. Ўқитувчига эъзоз, эҳтиром, меҳр-муҳаббат қайтди.
Муддатидан олдин талабалик бахтига мушарраф бўлган ўқувчиларни айтмайсизми? Уларга қараб бизнинг ҳам ҳавасимиз келмоқда. “Қани эди ёшлигимиз ортга қайтса-да, шундай имкониятлардан биз ҳам фойдалансак”, деймиз. Битирувчиларимизнинг етти нафари шундай имкониятни қўлга киритди. Жумладан, уч нафари Хитой, бир нафари Польша, қолганлари Тошкентдаги нуфузли университетларга имтиёзли қабул қилинди. Бундай ёшларга ҳавасинг келмай иложинг йўқ.
Сўнгги қўнғироқ тадбирида қатнашган бир отахон “Қандингни ур, янги Ренессанс бунёдкорлари”, деди ёшларга тилакларини билдира туриб. Бу гапдаги маъно ва ҳавас ҳаммани тўлқинлантириб юборди. Куни кеча худди шундай муддатидан олдин талабаликни қўлга киритган яна бир ўқувчимнинг чет элнинг ўндан ортиқ университетига ўқишга қабул қилингани мени бехад қувонтирди. Ўқувчим эса болаликдаги орзуси сабаб Тошкент давлат юридик университетини танлади.
Бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Буни катта дарёга қуйилаётган кичик жилғага қиёслаш мумкин. Ҳа, бу юртда қадр топган устозлар ҳеч қачон чарчамайди, улар бундай эътибордан яна ҳам илҳомланиб ишлайди. Нафақадаги устозимнинг “Кўзларимга суртдим табрикни, юрак устидаги чўнтагимга солиб олиб юраман уни”, деган эътирофи ҳам бу чорловнинг нақадар муҳимлигини исботлайди.
Беғубор болаликни ортда қолдириб, мустақил ҳаёт йўлига отланаётган ёшларга йўлланган ушбу табрик мазмун-моҳияти ҳар бир педагог, ҳар бир ота-она, ҳар бир таълим фидойиси ёки таълим соҳаси вакиллари учун қувонч ва рағбат бўлди.
Бугун мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган шиор умумхалқ ҳаракатига айланган. Бу ҳаракат кенг қулоч ёзиб, ўз натижасини бермоқда. Қисқа муддат ичида бунёд этилган чиройли мактабларни кўриб кўз қувнайди, янгича мазмун ва шаклдаги замонавий Президент мактаблари, ижод мактаблари ихлосмандлари сафи кунора ошиб бормоқда.
Она сифатида ҳам бугун қувончим чексиз. Қизим 9-синфни тамомлаяпти. Унинг ҳам табрикдан боши осмонда. “Ватанимга, Президентимга содиқман”, деган эътирофи оналик қувончимни янада оширди. Мурожаатда ёшларимизнинг ҳаётда муносиб ўрин топиши ва эгаллаши учун давлатимиз барча куч ва имкониятни сафарбар этиши таъкидланган. Бу ишонч ва эътибор боис мактабни битираётган ёшлар юзида шукуҳли табассум, юракларида олий мақсад сари собитқадамлик, дилларида ўктам шижоат барқ уриб турибди.
Куни кеча “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларида жаранглаган қўнғироқ овози ҳам янги Ўзбекистон — янги Ренессанс даври ёшлари учун ўзига чорлов бўлди. У оддий товуш эмас, янги ҳаёт остонасига қадам қўяётган, мустақил ҳаётда ютуқ ва ғалабалар кутаётган келажак бунёдкорлари учун чалинган, табрик хабарини жарчи бўлиб элтаётган бонг. Мунаввар келажакка чорлаган табрик барчага муборак бўлсин.