Аммо бугунги кунда фарзандига таълим ва тарбия бераётган ўқитувчи (педагог)ларнинг машаққатли меҳнатига етарлича баҳо бермайдиган, қадрламайдиган ва уларнинг касбий фаолиятига асоссиз равишда аралашаётган ҳамда ўз вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилаётганлар ҳам учраб турибди.
Мана шундай ҳолатларнинг олдини олиш ва педагоглар фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликни кучайтириш мақсадида 2020 йил 21 июль куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Мазкур қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги модда билан тўлдирилди.
Унда таълим муассасаси педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки таълим муассасаси педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилиш жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланди.
Унга мувофиқ, бундай турдаги ҳуқуқбузарлик содир этгани учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 7 бараваригача, мансабдор шахсларга эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 бараваридан
10 бараваригача миқдорида жарима қўлланилади, худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг
7 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорида жарима белгиланди.
Ҳуқуқбузарлик содир этилганида таълим муассасаси педагог ходими маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузмасдан судга ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. У ўз аризасида ҳуқуқбузарнинг шахси, ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, вақти ва унинг мазмуни, моҳияти ҳамда ишни ҳал этиш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни тақдим этиши лозим бўлади.
Бундан ташқари, “Ўқитувчиларнинг мақоми тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш, унга педагогларнинг касбий фаолиятига ота-оналар, ваколатга эга бўлмаган идора ва ташкилотларнинг аралашиш ҳуқуқига эга эмасликлари тўғрисидаги нормани киритиш, ўқитувчилик фаолиятининг эркинлиги ва кафолатларини қонун йўли билан мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқ.
Буларнинг бари ўқитувчиларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамият ва ҳаётдаги мавқеини янада оширишга хизмат қилади.
Алижон БИНАҚУЛОВ,
Тошкент давлат юридик университети
Ҳуқуқий ташаббуслар маркази ходими