"Интернет ижтимоий тармоқларида тарқалган “Даҳшат, Фарғона вилояти, Марғилон шаҳридаги 15-сонли ўрта мактабида ўқитувчилар ўртасида разбор қилишларини қаранглар” номли видеохабар Фарғона вилояти ИИБ томонидан ўрганиб чиқилди", деб ёзмоқда вилоят ИИБ Ахборот хизмати.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 19 декабрь куни 15-мактабнинг 7-синф ўқувчиси М.О. дарс пайтида ташқарига чиқиб келиш учун ўқитувчиси Р.Т. дан рухсат сўраган, лекин ўқитувчи жавоб бермаган бўлса-да, рухсатсиз ташқарига чиқиб кетаётган вақтида, ўқитувчи Р.Т.нинг “Қуш уясида кўрганини қилади” деган гапини эшитиб, яқинлари Р.У. ҳамда У.Р.ларни чақириб келган. Натижасида мактаб ўқитувчилари билан синф хонасида ўзаро жанжал келиб чиққан.
Жанжал давомида ўқитувчилар Р.Т. ва М.У. лар тан жароҳати олиб, шифохонага мурожаат қилишган.
"Мазкур ҳолат Марғилон шаҳар ИИБ томонидан тегишли тартибда рўйҳатга олиниб, ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда", дейилган хабарда.