Бу ҳақда Президентнинг “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланди.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 мартдан “маҳалла еттилиги” хулосасига асосан Ижтимоий реестрдаги I гуруҳ ногиронлиги бўлган ва меҳнатга лаёқатли аъзоси бўлмаган оилалар хонадонларининг девор ва томларини изоляция қилиш, энергия тежамкор дераза ва эшик ҳамда қуёш панеллари ёки гелиоколлектор ўрнатиш ишлари амалга оширилади.

2026 йил 1 мартдан оғир тоифадаги туманларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар йиллик 12 фоиз ставкада ажратиб борилади.

2026 йил 1 июлдан 2028 йил 1 январга қадар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан касбий таълим сифатини оширишга йўналтирилган қуйидаги турдаги субсидиялар жорий этилади:

  • ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталарига халқаро миқёсда тан олинган касбий таълимга оид сертификатлар, шунингдек, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхат асосида миллий сертификатларни олиш учун сарфланган маблағларнинг 50 фоизи, бироқ БҲМнинг 20 бараваригача;
  • малакани баҳолаш марказларини ташкил этган тадбиркорларга харид қилинган баҳолаш воситалари харажатларининг 30 фоизи, бироқ БҲМнинг 200 бараваридан ошмаган миқдорда қоплаб берилади.