Бугун жамиятимизда ўқитувчилар ва зиёлилар биз интилаётган Учинчи Ренессанснинг тўрт таянч устунидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Шу боис, давлатимиз раҳбари томонидан педагогларнинг нуфузини ошириш, хусусан, муаллим ва устозларнинг қадри, шаъни ва обрўсини тиклаш, машаққатли ва шарафли меҳнатини моддиймаънавий рағбатлантириш бўйича бошланган ишлар янги поғонага кўтарилмоқда.

Бундай янгиланиш жараёнида устоз-мураббийларнинг ишга, ҳаётга муносабати тубдан ўзгариб, янгиликка интилиб яшаётгани, илғор таълим технологиялари ва методикаларини пухта ўзлаштираётгани, ҳеч шубҳасиз, ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.

Президентимизнинг шу йил 23 ноябрь куни Шайхонтоҳур туманидаги 41-мактабга, 11 декабрь куни эса меҳнат таълимига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабига ташрифи ҳам таълим тизимига қаратилаётган катта эътибордан далолат.

Мирзо Улуғбек туманидаги меҳнат таълимига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби 1976 йили қурилган, 2008 йилда таъмирланган. Президентимиз мазкур таълим муас сасасини кўздан кечирар экан, мактабда барча шарт-шароит мавжудлиги, энг талабгир ўқув даргоҳлари қаторида экани ва бунда муассаса жамоасининг меҳнати самараси яққол кўриниб турганини алоҳида эътироф этди.

Дарҳақиқат, мактаб раҳбари ўзи бошқараётган масканга меҳр берса, унда фарзандини ўқитиш истагидаги ота-оналар ҳам кўпаяди. Меҳнат таълимига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби мисолида буни яққол кўриш мумкин. Шу боис, ҳар бир ҳудуддаги мактабга алоҳида эътибор қаратиб, синфхонасидан ошхонасигача ўқувчилар учун барча шароитни яратиш зарур.

Ташриф асносида давлатимиз раҳбари, жумладан, бундай деди: “Ҳамма жойда замонавий корхоналар очиляпти, инвестиция лойиҳалари амалга ошириляпти. Уларни юритадиган салоҳиятли кадрлар керак бизга. Шунинг учун ҳам муаллим ва мактабларга, таълим сифатини яхшилашга алоҳида эътибор беряпмиз. Салоҳиятли кадрлар рақобатни пайдо қилади. Қаердаки, рақобат бўлса, ўша жойда ривожланиш бўлади”.

Шунингдек, Президентимиз мактабдаги синф хоналар, спорт зали ва ошхонани кўздан кечириб, таълим маскани учун 900 ўринли янги бино қуриш, ёшларга ҳунар ўргатиш, амалиёт дарсларини корхоналарда ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси туфайли Халқ таълими вазирлиги томонидан нафақат ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши, балки уларни касб-ҳунарга йўналтириш, соҳалар бўйича тушунчасини шакллантириш мақсадида йирик ишлаб чиқариш корхоналари, нуфузли ташкилотлар ва ҳунармандлик марказларига саёҳатлар ташкил этиляпти. Ўғил-қизлар янги касблар билан таништирилмоқда. Бу эса уларнинг келгусида ўз касбини яхши кўрадиган моҳир мутахассис бўлиб етишишида муҳим қадам.

Бир инсоннинг мустақил ва етук шахс сифатида камол топишида мактабнинг роли жуда катта. Айнан мактабда инсоннинг “мен”и шаклланади. Шунинг ўзи мазкур соҳада фаолият юритаётган ҳар бир инсоннинг олдига улкан  масъулият, яъни бир шахс тақдири орқали миллат, давлат ва келажагимизнинг тақдирига  жавобгарлик ётганини англатади.

Бунинг учун, аввало, педагогларнинг, ўқитувчилик касбининг мавқеини кўтаришимиз керак. Ўқитувчилик ва фидойилик тушунчалари доимо ҳамоҳанг бўлган. Мактабда, халқ таълими тизимида ишлайдиган ҳар қандай инсон зиммасидаги масъулиятни ич-ичидан ҳис қилиши керак.

Бугунги заҳматли меҳнатимиз, албатта, келгусида ширин мевасини беради. Биз халқ таълими тизимидаги 7 миллион ўғил-қиз тақдири орқали бутун халқимиз, ватанимиз келажагига таъсир ўтказамиз. Бунинг жавобгарлигини соҳада фаолият юритаётган ҳар бир инсон ҳис қилиши лозим. Ҳар биримиз таълим ривожи учун нима қила оламан, деган ўй билан яшасак, мақсадимизга эришамиз.