Куни кеча Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги “Оқолтин” маҳалла фуқаролар йиғинида яшаётган ҳамда “Аёллар дафтари”га киритилган ана шундай 40 нафар хотин-қиз Хоразм вилоятига саёҳат қилишди.

Икки кун давом этган мазкур саёҳат ва зиёрат тадбирлари давомида саёҳатчилар қадимий Хива шаҳрининг “Ичан қалъа” мажмуасида жойлашган мадраса, музейларни томоша қилишди. Шунингдек, Хива хонлиги давридан қолган турли тарихий буюмлар кўргазмаси билан яқиндан танишишди.

Саёҳат давомида ушбу кўҳна шаҳарнинг тарихи, ривожланиш босқичлари, бу ерда яшаб ўтган машҳур ота-боболаримиз, ижодкорлар хусусида иштиркчиларга зарур маълумотлар берилди. Шундан сўнг саёҳатчилар вилоят маркази бўлмиш Урганч шаҳрида жойлашган диққатга сазавор жойларни кўздан кечиришди.

Айтиш лозимки, ҳозирги вақтда “Оқолтин” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, тикувчилик билан шуғулланиш ва “Гўзаллик салони”да меҳнат қилишни истаётган ишсиз хотин-қизларга ҳудуддаги тажрибали тикувчи ва “Гўзаллик салони” ходимлари “Устоз — шогирд” тамойили асосида бириктирилиб, уларга турли ҳунар сирлари ўргатилмокда.

Ҳудудда йўлга қўйилган эзгу анъаналардан бири сифатида куни кеча “Оқолтин” маҳалласидаги “Аёллар дафтари”га киритилган ва “Обод қишлоқ” дастури асосида ўз кўчаси ва хонадони ободлиги ва саранжом-саришталигига муносиб ҳисса қўшиб келаётган 60 нафар хотин-қизларга маҳаллий ҳомийлар маблағи ҳисобидан миллий либос — атлас кўйлаклар совға қилинди.