Урганч халқаро аэропорти бугун дунёнинг барча қитъалари билан боғланган. Бу юртимизда туризмга берилаётган эътибор натижаси. Ҳозирда вилоятдаги ягона ҳаво дарвозасидан дунёнинг элликдан ортиқ шаҳарларига доимий ва чартер қатновлар амалга оширилмоқда.

Куни кеча Қозоғистоннинг Оқтов шаҳридан самолётда илк йўловчилар Урганчга келишди.

Қўшни республика шаҳарлари билан доимий қатновлар асосан қадим Хивага саёҳат қилиш учун келаётган сайёҳлар ва тадбиркорлар учун мўлжалланган. Айни пайтда юртдошларимизнинг ҳам тадбиркорлик ва саёҳат мақсадида қўшни давлатга бориш орзулари амалга ошди.

“Boelnq 737-300” русумли Қозоғистоннинг “SCAT” компаниясига тегишли самолётда “Оқтов – Урганч – Оқтов” йўналишида парвозлар ҳафтасига икки марта амалга оширилади.

Халқаро аэропорт маъмурлари эътирофича, амалдаги йилда яна бир қатор давлатлар билан авиақатновлар йўлга қўйилиши лойиҳалари устида музокоралар олиб борилмоқда.

Маълумот учун, бугун қадим воҳага ташриф буюраётган хорижий сайёҳларнинг ярмидан қўпроғи айнан ҳаво транспорти йўловчиларидир.

Рўзимбой ҲАСАН,

“Янги Ўзбекистон” мухбири.