Президентимизнинг Мурожаатномаси биз, таълим-тарбия ходимлари учун алоҳида совға бўлди. Бундай эътибордан устоз-мураббийларнинг боши осмонга етди. Давлатимиз раҳбарининг “Жондан азиз болаларимиз мактабдан чет тилларни, касб-ҳунар ва компьютер саводхонлигини пухта ўрганиб чиқса, биласизларми, жамиятимиз қандай ўзгаради? Янги Ўзбекистонда мактаб жамоалари ва муаллимларининг масъулияти — айнан ана шу масалаларда яққол намоён бўлади. Ва мен ишонаман — сиз, жонкуяр ўқитувчиларимиз бу вазифани шараф билан уддалайсизлар”, деган сўзлари замирида инсон капиталига эътибор турибди.
Бу пировардида мамлакатимиздаги ҳар бир кишини илмли, ишли, ҳаётини фаровон қилиш ғоясига асосланишини батафсил, ҳаётий мисоллар ёрдамида ўргандик. Мурожаатнома мазмунини таҳлил қилиш асносида ўқитувчиларнинг мактаб таълими жамиятни ўзгартиришига ишончи ошди. Педагоглик касбининг масъулияти нақадар юқорилигини қайта англаб олди. Бу муболаға эмас.
Президентимиз “Таълим сифатини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир”, дея соҳа ходимлари олдига ҳаққоний талабни қўйди. Зеро, таълимнинг юраги ҳам, драйвери ҳам ўқитувчи, педагоглар. Ўқув қўлланмалари, янги дастурлар, албатта, зарур. Лекин жойларга, мактабларга бориб, ўқитувчиларга замонавий, амалий педагогик компетенциялар ўргатилмаса, ўқитишнинг самараси юқори бўлмайди.
Хўш, нима қилмоқ керак?
Президентимиз бу муаммонинг ечимини ҳам кўрсатиб берди. Таълим даргоҳларига бориб, ўқитувчи ва мураббийлар билан кўпроқ мулоқот қилиш, ўқув-тарбия ишлари сифатини ошириш бўйича масалаларни биргаликда ҳал этишимиз керак, дейилди. Биз Президентимиз ташаббусидан илҳом олиб, “Қучоқ очиб мактабларга борайлик!” деган ғояни кўтардик. Бунда ота-оналарни, маҳалла, нуронийлар, кенг жамоатчилик, илм-фан ва давлат ташкилотларини илмий-амалий ҳамкорликка чақирамиз.
Мақсадимиз таълим-тарбия сифатини оширишда ўқитувчининг ёнида бўлиш, уни қўллаб-қувватлашга қаратилади. Мурожаатномада келтирилган яна бир хайрли ишга халқимиз таҳсин айтмоқда. Энди юртимиздаги барча мактабларнинг бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш тартиби жорий этиладиган бўлди. Болаларимиз қорни очиб, дарсдан кейин уйига югурмайди. Тўгаракларда қатнашади, беш муҳим ташаббусга бағишланган тадбирлар, ижодий учрашувларда иштирок этади.
Президентимизнинг мактаб жамоаларига мурожаатидан педагоглар чексиз ғурур туйди. Бу жамиятда ўқитувчиларнинг обрўсини янада ошириб юборди. Мана шу эътибор давлатимиз раҳбарининг устоз, мураббийларимиз меҳнатини юксак қадрлашини яна бир бор тасдиқлади. Мурожаатномадан биз, педагоглардан қанчалик кучли фуқаролик позицияси кутилаётганини англадик. Жадид бобомиз Абдулла А влоний “Тарбия бизлар учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидур”, деган эди.
Дарҳақиқат, бугунги таҳликали паллада бузғунчи кучлар, таҳдидлар кўпайиб бормоқда. Улар болаларимизни йўлдан уришни истайди. Алдаб, ўз Ватанига, халқига қарши қайрамоқчи бўлади. Бундай пайтда биз, ота-оналар, мактаб, маҳалла бирлашиб, ёшларимизни ҳимоя қилишимиз керак. Шундай бўлади ҳам — биз, мураббийлар бирлашиб, маънавий, мафкуравий қалқон бўламиз. Болаларимизни радикал ғоялардан ўзини ҳимоя қилишга ўргатамиз. Учинчи Ренессанс пойдевори мактабда қўйилмоқда.
Мурожаатномада “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да педагогик ислоҳотларнинг методологик асослари, принциплари белгилаб берилди. Биз уларга асосланиб, таълим сифатини оширишга дифференциаллашган ёндашув, тарбиявий ишларни юксак технологиялар асосига қуриш, ўқувчиларда жамоада ишлаш кўникмасини ривожлантириш, чет тил, касб, компьютерни ўргатишни замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқиб, мактабларимизга жорий қиламиз. Ана шунда таълим-тарбиядаги айрим эскирган методлар, ҳаммага бир ёндашувлар тўхтайди.
Ўқувчи, талабаларнинг билими, компетенцияси, фазилатидан келиб чиқиб, дифференциал ёндашув, педагогик диагностика жорий қилинади. Чунки Янги Ўзбекистон ёшлари янгича, сифатли тарбия олиши керак. Ана шунда фарзандларимиз Президентимиз орзу қилганидек, кўзи ёниқ, ватанпарвар, оловқалб йигит-қизлар бўлиб етишади. Президентимизнинг Мурожаатномасини ҳар бир педагог олим ўзига қилинган хитоб деб қабул қилди. Мамлакатимиздаги барча мактаб жамоалари бор куч ва имкониятини ишга солиб, педагогик кўникма ва масъулиятини оширади. Бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилади. Натижада мамлакатимиз тараққиётига муносиб таълим-тарбия сифати ва инсон капитали таъминланади.