Ушбу ташаббус ўқув марказлари салоҳиятидан самарали фойдаланиш, иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантириш ҳамда уларнинг старт-уп лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўқув марказларининг ўзида махсус старт-уп синфларини ташкил этишни назарда тутади.
Мазкур ташаббус нафақат ўқувчиларнинг билимини ошириш, балки уларни реал иқтисодий жараёнларга яқинлаштириш, инновацион фикрлашни шакллантириш ва амалий натижага йўналтиришни кўзлайди. Эндиликда мамлакатимиз бўйлаб фаолият юритаётган юзлаб ўқув марказлари ва уларда таҳсил олаётган ўқувчилар, шунингдек, ўз старт-уп ғояларига эга ёшлар ўқув марказларининг ўзида старт-уплар яратиш ва уларни кейинги босқичга олиб чиқиш бўйича ҳам назарий, ҳам амалий билимларга эга бўлиш имкониятига эга бўлади. Ушбу марказларда ташкил этилган лойиҳалар бевосита мамлакатимиздаги йирик венчур ташкилотлари — Ёшлар Ventures, АлоқаБанк Ventures ва IT Park Ventures томонидан молиялаштирилиши режалаштирилмоқда.
Хўш, нима учун мазкур тизим юқори натижа бериши мумкин?
Биринчидан, ҳозирги кунда мамлакатимизда 1 миллиондан ортиқ ўқувчилар 6 000 дан зиёд ўқув марказларида хорижий тиллар, умумтаълим фанлари ва замонавий касбларни ўрганиб келишмоқда. Айнан мана шу — ўз хоҳиши ва маблағлари ҳисобига таълим олаётган, асосан хорижий тилларни ўрганишга интилаётган ва юқори мотивацияга эга ёшлар айнан ўқув марказларида жамланган. Бу эса старт-уп экотизими учун энг муҳим омил бўлган фаол, ташаббускор ва ўсишга интилувчи аудиторияни шакллантиради.
Иккинчидан, мамлакатимиздаги ўқув марказлари ўз салоҳияти ва ресурсларига эга бўлган, старт-уп лойиҳаларини инкубация қилиш учун мос муҳитни таъминлаб бера оладиган масканлардир. Улар нафақат таълим бериш, балки ёшларни бирлаштириш, жамоа билан ишлашга ўргатиш ва инновацион ғояларни ривожлантириш учун қулай платформа вазифасини бажаради.
Учинчидан, старт-уп синфлари фақат назарий билимлар билан чекланиб қолмайди. Улар юқорида номи келтирилган венчур ташкилотлари ҳамкорлигида реал лойиҳаларни молиялаштириш имкониятини ҳам тақдим этади. Бу эса ўқувчиларни ғояни фақат режа даражасида қолдирмасдан, уни реал маҳсулот ёки хизматга айлантиришга ундайди ва амалий натижага эришишга мотивация беради.
Тўртинчидан, ўқув марказлари старт-уп лойиҳаларини тўғридан-тўғри венчур ташкилотлари билан боғлайдиган муҳим кўприк вазифасини ўтайди. Натижада, ёшлар томонидан илгари сурилган ғоялар тезроқ, тизимлироқ ва самаралироқ тарзда бозорга чиқиш имкониятига эга бўлади.
Мазкур тизим қандай ишлайди?
Мазкур тизим, энг аввало, ўқув марказларининг ўзида махсус «Старт-уп синфлари»ни ташкил этишдан бошланади. Бу синфлар анъанавий дарсликлар ва ўқув дастурларидан фарқли равишда, ўқувчиларга бизнес ғояларни шакллантириш, бозор таҳлилини ўтказиш, прототип яратиш ва бизнес-режалар тузиш бўйича чуқур назарий ҳамда амалий билимларни беради.
Кейинги босқичда энг истиқболли лойиҳалар ўқув маркази ичидаги экспертлар томонидан сараланади ва бевосита Ёшлар Ventures, AloqaBank Ventures ҳамда IT Park Ventures каби йирик венчур ташкилотларига тақдимот қилиш учун йўналтирилади. Ушбу ташкилотлар ўз навбатида танлаб олинган старт-упларни молиялаштиради ва уларни кейинги босқичларга олиб чиқишда менторлик, ҳуқуқий ёрдам ҳамда бозорга чиқиш стратегиялари билан қўллаб-қувватлайди.
Шу тариқа, ўқув маркази оддий таълим масканидан инновацион ғоялар шаклланадиган, ривожланадиган ва реал иқтисодий қийматга эга лойиҳалар етишиб чиқадиган старт-уп экотизимининг муҳим бўғинига айланади.
Мухаммадхон Солиев,
Буюк Британиянинг Northampton университети
ҳамда АҚШнинг San Diego университети битирувчиси,
Innovative Centre бренди асосчиси.