Банк мижозларга хизмат кўрсатишнинг юқори стандартларини жорий қилган ҳолда амалдаги қонунчилик талаблари, шунингдек очиқлик ва шаффофлик мезонларига мувофиқ фаолият юритади. Барча мижозлар учун бир хил шартларда, аниқ белгиланган қоидалар ва стандартларга асосан банк хизматлари кўрсатилиб, манфаатлар тўқнашуви ҳолатларининг келиб чиқишига йўл қўйилмайди. Банк мижозлар билан илиқ муносабатларни сақлайди ҳамда коррупциявий ҳаракатларни қоралайди.
Хусусан, бу борада банк томонидан амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда. Кўрсатилаётган хизматлар сифатини баҳолаш ва мижозлар фикрини ўрганиш мақсадида мустақил ташкилот жалб этилган ҳолда мунтазам равишда мижозлар ўртасида сўровномалар ташкил қилинмоқда. Банкнинг мижозларга хизмат кўрсатувчи офисларида “сирли мижоз” усулини қўллаган ҳолда маркетинг тадқиқотлари ўтказилмоқда.
Сўнгги тадқиқотлар натижаларига кўра, сўровномаларда иштирок этган мижозларнинг 92 фоизи банк хизматларидан мамнун эканлигини билдирган. Бу банк хизматларининг очиқ ва шаффофлигини кўрсатувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
Шунингдек, банкка мурожаат қилувчилар учун бир қатор қулайликлар яратилган бўлиб, келиб тушган ҳар бир мурожаат алоҳида эътибор билан кўриб чиқилади. Жумладан, мурожаатларни тун-у кун қабул қилиш учун овозли ҳамда электрон каналлар йўлга қўйилган бўлиб, улар ҳақидаги маълумотлар банкнинг веб-сайти, мобил иловаси ва ахборот стендларига жойланган. Бундан ташқари, 24/7 режимида хизмат кўрсатувчи банкнинг колл-маркази фаолият олиб бормоқда.
Мурожаатларни имкон қадар жойида ҳал қилиш ёки унда кўтарилган масалани амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал этиш ва асосли жавоб беришга алоҳида аҳамият қаратилади. Бунда фуқаро билан хушмуомала бўлиш, унинг масаласини тўлиқ ўрганиш ва ўз вақтида жавоб бериш тамойилларига риоя қилинади. Бу каби ёндашув мижозлар ишончини янада мустаҳкамлайди ҳамда истеъмолчилар манфаатлари устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, “Ориент Финанс” банк илғор ахборот технологияларини амалиётга жорий қилган ҳолда “инсон омилини” камайтиришга ва шу орқали бизнес жараёнларининг очиқ ва шаффоф бўлишини, коррупциявий омиллар юзага келмаслигини таъминлашга доим интилади.
Биз ҳалол бизнес юритишни ҳурмат қиламиз ҳамда барча мижозларимиз ва ҳамкорларимиз коррупцияга қарши курашиш тамойилларига риоя қилишига ишонамиз!
Ўзбекистон Республикаси Марказий
банки билан ҳамкорликда тайёрланди
Реклама