Ўзбекистон Фанлар академияси Ботаника институти ҳамда Мўйноқ давлат ўрмон хўжалиги ўртасида Орол денгизи қуриган тубининг ўсимликлар ҳолатини баҳолаш, яйловларини инвентаризациялаш ва натижада Мўйноқ давлат ўрмон хўжалиги яйловларининг электрон-рақамли хариталарини тузиш бўйича олиб борилаётган ҳамкорликдаги тадқиқотлари доирасида Орол денгизи қуриган тубининг 810 000 гектар майдонидаги яйловларининг, жумладан, табиий ўсимликлар қопламидан иборат бўлган яшил қопламаларнинг ҳолати ўрганилди.
Тадқиқотлар натижалари асосида, Орол денгизи қуриган тубининг жами 2 274 976 гектар ҳудуди рақамлаштирилди ва картографик бирликларга ажратилди. Яйлов ҳудуди 34 та картографик бирликлардан иборат бўлиб, таркибида ўсимлик қопламига эга бўлмаган майдонлар ҳамда галофил, псаммофил, гипсофил, тўқай яйлов синфларига мансуб бўлган яйлов типларини ўз ичига олиши аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон қўмитаси қошидаги “Ўрмонлойиҳа” давлат унитар корхонаси ходимлари билан биргаликда денгизнинг қуриган тубидаги Ахантай райони ва унга жанубий ва жануби-шарқий томондан чегарадош ҳудудлар ҳам батафсил мониторинг қилинди. Денгизнинг қуриган тубида ўрмон мелиорацияси тадбирларини амалга ошириш мумкин бўлган ҳудудлар аниқланди ҳамда табиий ўсимликлар билан қопланиш жараёни босқичлари илмий асослаб берилди. Келгусида денгиз тубидаги экосистемаларни қайта тиклаш масалалари муҳокама қилинди.