Мазкур қарор юқори технологик инновациялар, экологик тоза, энергия ва сувни тежовчи технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий қилишга инвестицияларни жалб қилиш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини мажмуавий қўллаш, чўллашув ва экологик миграция жараёнларининг олдини олиш, экотуризмни ривожлантириш ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни ва рағбатлантирувчи омилларни шакллантиришга қаратилгани билан эътиборга молик.
2021 йил 18 май куни БМТ Бош Aссамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция бир овоздан қабул қилинди. Айтиш жоизки, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 2018 йилдан буён чўл ҳудудларни кўкаламзорлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Жумладан, Орол денгизи қуриши билан боғлиқ фалокат ва унинг салбий оқибатларини юмшатиш долзарб вазифалардан бирига айланди.
Мазкур йўналишда вазирлик томонидан маҳаллий олимлар ва халқаро ҳамкорларни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, қатор ишлар бажарилди. Шўрланган шароитда Биодеҳқончилик халқаро маркази ва Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликда бутун дунёдан халқаро ташкилотлар ва хорижий илмий муассасалар вакиллари таклиф этилиб, 2018 йили Самарқанд шаҳрида, 2019 йили Нукус шаҳрида конференция ўтказилди.
Ушбу тадбирлар натижасида Нукус туманида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ташкил этилди. Бугунги кунда мазкур марказнинг Нукус туманидаги тажриба участкасида 51 хилдаги 53 мингдан ортиқ кўчат, шунингдек, Мўйноқ туманидаги тажриба участкасида 26 хилдаги 26 минг туп атрофида манзарали, шўрланиш ва қурғоқчиликка чидамли дарахтлар кўчати парвариш қилиниб, синовдан ўтказилмоқда.
Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция қабул қилингани дунё ҳамжамиятининг эътиборини Оролбўйи минтақасига қаратиш учун катта туртки бўлди. Оролбўйи экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деган юксак мақом олган дунёдаги илк минтақа бўлди.
Ўзбекистон Президентининг мазкур қарорида Инновацион ривожланиш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органларига Оролбўйи минтақасини экологик ва гуманитар инқирозли ҳудуддан экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш чораларини кўриш вазифаси қўйилган.
Ушбу ҳудудда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Ёш олимлар академияси ва Ёшлар технопаркини ташкил этиш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, ўсимликлар уруғлари генбанки лабораторияси, бизнес акселератор ўқув марказлари фаолияти йўлга қўйилади. Бугунги кунда вазирликнинг қўллаб-қувватлови орқали Оролбўйи халқаро инновация маркази томонидан Нукус ва Мўйноқ туманларида хорижий давлатлар билан ҳамкорликда қатор ишларга қўл урилмоқда.
Жумладан, Хитой Фанлар академиясининг Синьцзян Экология ва география институти билан бирга илмий-тадқиқот ишлари олиб боришга ихтисослашган лаборатория ташкил этиш, “LATMA-ADED” (Швейцария) уюшмаси молиявий кўмагида Мўйноқ тумани “Тикўзак” ОФЙ ҳудудида 250 ўқувчига мўлжалланган 7-мактаб учун сувни чучуклаштирувчи станция қуриб бериш, Япониянинг “SATREPS-2020” танловида маъқулланган лойиҳа доирасида илмий тадбирлар қилиш, Россия Федерациясининг И.М.Губкин номидаги давлат университети билан ҳамкорликда янги биопрепарат-тупроқ модификаторини синовдан ўтказиш, Туниснинг Chahbani Technologies (CHAHTECH SA) компанияси олимлари билан ҳамкорликда тупроқ остидан суғориш ирригация тизимини жорий этиш бўйича инновацион тажриба-синов ишлари олиб борилади.
Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори узоқ йиллардан бери Оролбўйида яшаётган аҳолини қийнаётган муаммоларнинг инновацион, амалий ечимини тақдим этади. Одамларнинг оғир турмуш шароитини енгиллаштириб, эртанги кунга ишончини янада оширади.
Абсалом ИШИМОВ,
Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи