Материалда Орол денгизининг қуриб бориши ва у билан боғлиқ иқтисодий-экологик муаммолар ҳақидаги маълумотлар келтирилган. «Орол денгизи деярли йўқолиш арафасида. Минтақа Бавария ҳудуди билан тенг, қуруқ ва кимсасиз. Бугунги кунда денгиз сувининг атиги 10 фоизи қолган холос. Бир вақтлар порт шаҳри бўлган Мўйноқдан ҳозирги пайтда Орол денгизи соҳили 80 километрга узоқлашган. Собиқ денгиз тубидан кўтарилаётган қум чанглари юзлаб километр масофага етиб бормоқда. Қум бўрони эсганда сариқ рангга бурканган қалин туман бутун ҳудудни ўраб олади», - дейилади мақолада.
Немис нашри ўз ўқувчиларига ушбу экологик офат оқибатларини юмшатишда жаҳон ҳамжамиятининг иштироки ҳақидаги маълумотларни ҳам тақдим этган. «Islamische Zeitung» маълумотига кўра, БМТ ва БМТТД ҳомийлигида 2019 йил октябрь ойида хорижнинг 300 га яқин таниқли эксперти Нукус шаҳрида бўлди. «Олимлар ва экспертлар, вазирлар ва депутатлар Орол фожеаси бўйича маърузалар қилди ва мавжуд муаммоларни муҳокама қилди», - деб таъкидланади мақолада. - Бу улкан вазифа Ўзбекистон ва Қозоғистон учун, бутун Марказий Осиё минтақаси учун муҳим ва глобал аҳамиятга эга. Чунки иқлим ўзгариши ҳозирги вазиятга сезиларли даражада таъсир ўтказди. БМТ Бош Ассамблеясининг 72- ва 75-сессияларида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Орол денгизи инқирозини биргаликдаги саъй-ҳаракатлар самарасида бартараф этиш мумкинлигини қайд этди».
Мақолада Ўзбекистон ва Германия ўртасида ушбу бу йўналишда йўлга қўйилган ҳамкорлик, хусусан, ўтган йилнинг январь ойида Марказий Осиёнинг барча беш мамлакати ва Афғонистон иштирокида қабул қилинган «Яшил Марказий Осиё» дастурига алоҳида эътибор қаратилган.
«Орол денгизининг қуриган тубида саксовул ва чўлнинг иссиқ ҳамда қуруқ ҳавосига чидамли ўсимликлар майдонларини яратиш ишлари давом этмоқда. Яқинда 1,7 миллион гектарга яқин экин майдонлари ўзлаштирилди», - дея қайд этади нашр.
Мақола сўнгида Орол денгизи ва унинг аҳолисига янги - денгизсиз ҳаётни таъминлаш, шунингдек, янги тушунча ва ғоялар, илм-фан ва замонавий технологиялар кириб борган жамият барпо этилаётгани алоҳида таъкидланади.
Нашр БМТ бош котиби ёрдамчиси ва БМТТД маъмуриятининг махсус маслаҳатчиси Абдулай Мар Диенинг «Биргаликда минтақани Кремний водийси ва Лас-Вегас минтақасига айлантирайлик», деган сўзларини келтиради. «Баъзи лойиҳалар аллақачон бошланган, бошқалари эса амалга оширилиши керак, - деб ёзади «Islamische Zeitung» ўз хулосасида. - Бу минтақа Марказий Осиёда халқаро технологиялар ва инновациялар марказига айланиши шарт».